«Россия агрессияси фонида Украинани қўллаймиз» – Байден ниҳоят Зеленский билан учрашди
Украина президенти Владимир Зеленский ниҳоят Жо Байден билан учрашди. У бу учрашувни АҚШ етакчиси Путин билан кўришишидан олдин хоҳлаганди, лекин ўша вақт фурсат бўлмади. Кейин Афғонистондаги эвакуация сабаб учрашув белгиланган вақтдан яна бир кунга кечикди. Ниҳоят 1 сентябрда Зеленский фаолиятида иккинчи марта АҚШ президенти била учрашди. Байден Украина президентини Вашингтондаги президент қароргоҳи – Оқ уйда қабул қилди.
Учрашувда Байден украиналик ҳамкасбини АҚШ Украинанинг ҳудудий яхлитлигини таъминлашда қўллаб-қувватлаши ва мамлакат хавфсизлигини таъминлаш йўлида Киевга ёрдам кўрсатишда давом этишини маълум қилди.
«АҚШ ҳамон Россия агрессияси фонида Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қатъий қўллаб-қувватлайди», деди Байден хусусан.
Президентларнинг учрашуви 2 соатдан кўпроқ ёпиқ форматда давом этган. Одатда бундай учрашувлардан кейин президентлар биргаликда матбуот анжуманида қатнашиб, саволларга жавоб беради, лекин бу гал етакчилар ОАВ вакиллари билан савол-жавобда иштирок этмади. Фақат Оқ уй расмий сайтида Байден ва Зеленскийнинг қўшма баёноти эълон қилинди. Унда айтилишича, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ҳеч қачон ҳозиргидай яхши бўлмаган.
Қрим ва Донбасс
Баёнотда АҚШ Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга ёрдамлашиши алоҳида таъкидланган. Хусусан, Россия Украинадек мустақил мамлакатга нисбатан қилган иши учун жавобгарликка тортилиши учун барча иш қилиниши айтилади.
Қўшма баёнотда айтилишича, Россиянинг Украина шарқидаги ҳаракатлари ва Қримни босиб олгани 14 минг одамнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган. Шунингдек, бу ҳаракатлар Европа ва Қора денгиз ҳавзасидаги ҳудудларга хавф туғдирган, глобал хавфсизликка таҳдид пайдо қилган.
«АҚШ Қрим Россия томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ва ҳеч қачон уни Россияники деб тан олмайди. Шунингдек, Россия Украина шарқида юзага келтирган таҳликали ҳолатга халқаро ҳамжамият эътиборини кучайтиришга интилади», дейилган баёнотда.
Ҳарбий кўмак
Украина ва АҚШ стратегик ҳамкорлик борасида келишувга эришишга яқин турибди. Унга кўра, АҚШ Украинага Россия агрессиясига қарши туришда кўмаклашишдан ташқари Украина ҳарбий тизими ислоҳотида, киберхавфсизлик, Қора денгиздаги мудофаада ёрдам беради. Шунингдек, мамлакатлар келишувдан кейин разведка маълумотларини алмашишни бошлаши мумкин.
Оқ уйда Украина НАТОга киришини қўллаб-қувватлашларига қарамай, бу қарорни мамлакатнинг ўзи қабул қилиши керак деб ҳисоблашади. Баёнотда айтилишича, АҚШ Украинага 60 миллион доллардан иборат ҳарбий кўмак ҳам юборади. Бу кўмак ичида танкка қарши курашда қўлланадиган «Жавелин» ракета комплекси ҳам бор.
Маълум бўлишича, АҚШ 2014 йилдан буён Украинага 2,5 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам берган. Хусусан, биргина 2021 йилда Украина 400 миллион доллар ҳарбий кўмак олган. 1 сентябрдаги учрашувда Байден ва Зеленский Киевнинг стратегик ядро қуролини утилизация қилишда кўмаклашиш бўйича келишувни яна 7 йилга узайтирган.
Иқтисодиёт ва «Шимолий оқим-2»
Баёнотда қайд этилишича, АҚШ Украинани коррупцияга қарши курашиш ислоҳотида қўллаб-қувватлайди. Украина охирги йилларда коррупцияга қарши курашувчи махсус прокурор лавозими жорий этилди. Шунингдек, Коррупцияга қарши кураш бюроси ходимларини ҳимоя қиладиган қонунлар пакети қабул қилинди. Байден АҚШ бу ўзгаришларни олқишлашини билдирган.
Украина ва АҚШ президентлари Россия томонидан қуриб битказилиш арафасида турган «Шимолий оқим-2» газ ўтказгичи Европадаги энергетика хавфсизлигига салбий таъсир қилишини таъкидлашган. Баёнотда АҚШ Украина транзит мамлакат ролида қолишини таъминлаш учун ҳаракат қилиши айтилган. Шунингдек, АҚШ Россия энергия ресурсларини геосиёсий ўйинлар йўлида фойдаланишига йўл қўймаслиги таъкидланган.
Байден ҳамкасбини иқтисодий кўмак давом эттирилишига ишонтириб, бу ёрдам коронавирусга қарши кураш кўринишида ҳам бўлишини таъкидлаган.
Вакцина бўйича ёрдам
АҚШ томони аллақачон Украинага 2,2 миллион доза бепул вакцина берди. Пандемияга қарши курашда эса умумий 55 миллион долларлик ёрдам кўрсатди. Тез орада АҚШдан Украинага 12,8 миллион долларлик қўшимча дори воситалари ва тиббий техникалар келиши кутилмоқда.
Қўшма баёнотда Зеленский Байден томонидан Оқ уйда кутиб олинган иккинчи президент бўлгани, Украина президенти «бундай бахтга» Ангела Меркелдан кейин иккинчи ўринда сазовор бўлгани таъкидланган.
Зеленский: миллатчиларга Украинада жой йўқ
Зеленский 1 сентябр куни Вашингтондаги Холокост музейида Америкадаги яҳудий гуруҳлар етакчилари билан учрашиб, оиласининг бир қисми иккинчи жаҳон уруши вақтида миллатчилар қўлидан ҳалок бўлганини айтди.
Зеленский Украинага бостириб кирган фашистлар уч ака-ука, уларнинг хотинлари, болалари ва ота-оналарини отиб ташлагани ҳақида гапириб берди: «Тўртинчи ўғил омон қолади, чунки у фронтда эди. У урушда қатнашиб, нацизм устидан ғалабада ўз ҳиссасини қўшади ва 4 йил ўтиб уйга қайтади. Икки йил ўтиб ўғил кўради, 31 йил ўтиб набирали бўлади. 40 йил ўтиб эса унинг набираси президенти бўлди, у сизнинг олдингизда турибди», деди Зеленский.
«Нацизм енгилди, бутун умрга енгилди. Шундай бўлса-да, афсуски, миллатчилик, ксенофобия тарафдорлари турли мамлакатларда, турли кўринишда сақланиб қолган. Уларнинг Украинадаги ўрни қандай десангиз, нолдан ҳам паст, дейман. Ирқчилик ва миллатчилик ғояларини қўллайдиганларда ўз ғоясини амалга ошириш учун Украинада имконият йўқ», деди Зеленский.
Украина президенти россиялик сиёсатчилар ва давлат телеканалларидаги журналистлар Украинада миллатчилик урчиши мумкин экани ҳақида гапиришларига ҳам муносабат билдири: «Уларнинг бундай дейишига сабаб оддий: украиналиклар мени президент этиб сайлашди».
«Жавелин» ва «исқирт рус гази»
Зеленскийнинг бринчи ташриф кунида АҚШ томонидан 60 миллион доллар миқдорида ҳарбий ва 45 миллион доллар гуманитар ёрдам берилиши эълон қилинди. Байден администрациясидаги юқори мартабали мансабдор ҳарбий ёрдамнинг аксари қисми танкларга қарши ишлатиладиган «Жавелин» ракета системаси кўринишида бўлишини айтди. Бундай мудофаа қуролини АҚШ аллақачон Украинага етказиб беришни бошлаган.
Ташриф давомида Зеленский АҚШ энергетика вазири Женнифер Грэнҳолм билан ҳам учрашиб, «Шимолий оқим-2» масаласида фикр алмашди. Яқиндагина Германия ва АҚШ бу қувурли газ ўтказгичка қарши санкция қўллашдан бош тортганди, аммо Европа мамлакатлари Россия ундан сиёсий босим ўтказиш учун фойдаланадиган бўлса, санкцияга учраши мумкинлигини айтишган.
Зеленский Россия «Шимолий оқим-2» сабаб санкцияга тортилиши кераклигини айтди. У бу борада Американинг ваъдасини олишни истади. «Американинг ваъдаси бошқа иттифоқчиларникидан ишончлироқ», деди Зеленский.
У билан суҳбатда АҚШ энергетика вазири рус газини «дунёдаги энг исқирт газ» деб атади. Зеленскийнинг фикрича, қазиб олиш ва транспортировка жараёнида кўп метан чиқиндиси юборилиши бунга сабаб бўлади. Шунингдек, Зеленский рус гази сифатсиз эканига коррупция, манипуляция ва шантажни ҳам сабаб қилиб келтирган.
Ўз навбатида Россия газни «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» орқали сотиш Киев билан келишгандан арзонроққа тушади деб ҳисоблайди.
Трамп билан учрашувдаги можаро
Зеленский Украина президенти сифатида иккинчи марта АҚШга борди. Унинг биринчи ташрифида Америка президенти Дональд Трамп эди ва бу учрашув яхшигина можаро билан ёдда қолган. Можаро шунчалик жиддий эдики, Трампни импичментгача олиб борди.
2019 йил БМТ Бош ассамблеясига борган Зеленскийни Трамп қабул қилган ва унга ҳозирги президенти Байденнинг ўғли Ҳантер Украинадаги фаолиятида коррупцияга аралашган бўлиши мумкинлиги айтиб, бу масалани жиддий ўрганишни «кўрсатма беради». Ўшанда дипломатик йўл билан жавоб беришга уринганига қарамай, Зеленский шошиб қолиб, янги прокурор 100 фоиз ўзининг одами эканини айтиб, танқидга учраган.
Ўша вақтда АҚШда президентлик пойгаси бошланган ва Трампнинг асосий рақиби Байден эди. Трампнинг бошқа мамлакат президентига босим ўтказиш орқали сайлов кампаниясига таъсир қилиши америкалик сиёсатчиларнинг жаҳлини чиқарди. Оқибатда қуйи палата Трампга иккинчи марта импичмент эълон қилди, лекин Трамп яна Конгрессдаги овоз бериш натижаларига кўра импичментдан қутилиб, кейинги сайловларда иштирок этиш ҳуқуқини сақлаб қолди.
Зеленскийнинг бу ташрифида Байден ушбу масалага тўхталган ёки тўхталмагани аниқ эмас.
Мавзуга оид
21:05 / 10.11.2024
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11 / 10.11.2024
Россия Курск областига ҳужум учун 50 минг кишилик қўшин тўплади — NYT
19:02 / 10.11.2024
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
13:30 / 10.11.2024