Афғонистон: Панжшер водийси атрофида шиддатли жанглар кетмоқда
Афғонистондан келаётган хабарларга кўра, толибларга қаршилик кўрсатишда давом этаётган сўнгги ҳудуд бўлмиш Панжшер водийси атрофидаги ҳудудларда сўнгги кунларда қақшатқич жанглар бўлиб ўтди.
Зиддият томонлари бир-бирига терс маълумотлар тарқатиб, «ахборот уруши» олиб бормоқда.
Икки томон ҳам ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш учун уринишлар муваффақиятсиз якунлангач, толибларнинг водий томон кенг кўламли ҳужумлари бошланганини маълум қилган.
«Толибон» вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид толиблар «Миллий қаршилик фронти»ни бир неча позицияларда водий ичкарисига чекинтириб, рақибга қақшатқич зарбалар бергани ҳақида айтган.
Ҳаракатнинг яна бир вакили Билол Карими РИА Новости мухбирига берган маълумотида, амирлик жангчилари Панжшер ичкарисига кириб, вилоятнинг 20 фоизлик қисмини назорат қилаётгани ҳақида айтиб ўтган.
Ўз навбатида, Миллий фронт вакили Фоҳим Даштий BBC интервьюда водийга икки томондан қилинган ҳужумлар қайтарилгани, фронт водийга киришдаги барча йўллар устидан назоратни сақлаб қолаётгани ва айрим ҳудудларда ҳатто водий ташқарисида юришлар амалга оширилгани ҳақида айтган.
Унинг сўзларига кўра, толиблар сўнгги тунда бир неча ҳудудда бўлиб ўтган жангларда 350 кишисини йўқотган, жами 50 жангари асир тушган.
Фронт вакиллари маълумот беришича, ўтган тунда «Толибон» Панжшер водийсига ҳужумларни бир неча томондан давом эттирган: Андараб водийси орқали Ховак довони томондан, Шотул туманидаги Саланг довони томондан, шунингдек, Парвон вилоятидаги Гулбаҳор шаҳри томондан.
Қўшимча қилинишича, «Толибон» Ховак довонида камида 100 кишини йўқотган, Шотул туманидаги гуруҳ тўлиқ мағлубиятга учраган, Саланг туманидаги гуруҳ қуршаб олинган.
Шунингдек, Бадахшон вилоятида исён кўтарилгани, қаршилик кучлари ҳудуддаги тўртта тумандан толибларни қувиб юборгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ижтимоий тармоқларда Тохар вилоятида ҳам тўқнашувлар бошланиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалган. Sputnik Афғонистон манбалари қаршилик фронти етакчилари яқин вақтлар ичида вилоятдаги бир қанча туманларни озод қилишни режалаштиргани ҳақида хабар берган.
Бу маълумотларни мустақил манбалар орқали текширтиришнинг имкони йўқ.
Айни вақтда қатор рус нашрлари турли маҳаллий манбаларга таянган ҳолда Амрулла Солиҳ Тожикистонга кетгани ва толиблар Панжшерни эгаллагани ҳақида хабарлар тарқатмоқда. Herat Times эса бу маълумот асоссиз эканини маълум қилган.
Кўп ўтмай Солиҳнинг ўзи видеомурожаат қилиб, тарқалган хабарларни толибларнинг пропагандаси деб атаб, ҳозирда Панжшердалиги ва ҳеч бир ҳудуд толиблар қўлига ўтмаганини маълум қилди.
Қайд этиш керакки, Панжшерда қаршилик ҳаракати бошлангандан буён бир неча марта Аҳмад Масъуд толибларга таслим бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган, кейинроқ бу маълумотлар тасдиғини топмаганди.
Табиий қалъа
Панжшер - Афғонистоннинг 34 вилояти ичида ҳамон толиблар ҳукмига бўйсунмаган ягона ҳудуди бўлиб қолмоқда.
Виқорли тоғлар қуршовидаги водий майдони 3610 кв км бўлиб, бу ерда 173 минг киши истиқомат қилади. Водийнинг бошланиш қисми Кобулдан шимоли-шарқда 125 км масофада жойлашган, ҳудуд яқинидан мамлакат жануби ва шимолини боғловчи муҳим автомагистрал ўтади.
Географик жойлашув водийни табиий қалъага айлантирган. Дара ичидан ўтувчи ягона йўл ёқасида дарё ястаниб ётади, атрофдаги тоғлар баландлиги 6 минг метргача етади. Бундай ҳудудда ҳужум амалиётлари ўтказиш жуда ҳам мураккаб.
Панжшерда асосан афғон тожиклари яшайди, улар пуштунлар томонидан тузилган «Толибон»га ҳеч қачон бўйсунмаган.
15 август куни Кобул толиблар қўлига ўтгач, Афғонистон армияси ва хавфсизлик хизматининг қуролларни ташлаб, таслим бўлишни истамаган ҳарбий хизматчилари Панжшерга бориб жойлашди.
Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳ ҳам шу ерда, собиқ президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этгач, у ўзини вақтинча президент вазифасини бажарувчи деб эълон қилиб, қаршилик кўрсатишда давом этишини билдирди.
«Миллий қаршилик фронти»га 32 ёшли Аҳмад Масъуд бошчилик қилмоқда, унга «Панжшер арслони» деб лақаб қўйишган.
Унинг отаси, ўтмишда аввалига советлар, кейин толибларга қарши курашган мужоҳидларнинг йирик дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Масъудни Шер деб аташган.
2001 йил 11 сентябридаги терактлардан бироз олдин у журналистлар қиёфасида келган «Ал-Қоида» жангарилари ўзини портлатиши оқибатида ҳалок бўлади.
Мавжуд маълумотларга кўра, қаршилик фронти 12-15 минг қуролли жангчидан ташкил топган, уларнинг бир қисми махсус тайёргарликдан ўтган махсус топшириқли жангчилардир. «Толибон» кучлари эса 50 минг кишидан ошиқ. Аммо тоғли ҳудудларда сон жиҳатдан кам бўлган томон учун ҳам ҳимояланиш нисбатан осонроқ.
Бу вақтда турли маълумотларга кўра, толиблар орасида янги ҳукуматни шакллантириш борасида зиддиятлар юзага келмоқда.
Ўз кучлари билан Кобулни назорат қилаётган, «Ҳаққоний тармоғи» асосчисининг ўғли Сирожиддин Ҳаққоний ва унинг қариндоши - мамлакатнинг бўлажак ички ишлар вазири сифатида қаралаётган Халил Ҳаққоний ҳамда ҳаракат асосчиси мулла Умарнинг ўғли, ҳарбий қўмондон, янги ҳукуматда Мудофаа вазири бўлиши кутилаётган Муҳаммад Ёқуб ўртасида келишмовчилик пайдо бўлгани айтилмоқда.
Ҳаракатнинг амалдаги раҳбари Ҳайбатулла Охундзода ким томонда экани ҳозирча маълум эмас.
Мавзуга оид
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
19:21 / 01.11.2024
Охунзода ва Ҳаққоний қарама-қаршилиги: «Толибон» раҳбариятида низо авж олдими?
23:27 / 27.10.2024
ОАВ: «Толибон» аёлларга бир-бири билан гаплашишни тақиқлади
20:59 / 14.10.2024