Ўзбекистон | 08:04 / 06.09.2021
21481
2 дақиқада ўқилади

ДТМ апелляция шикоятини кўриб чиқиш тартиби ҳақида маълумот берди

Қонунчиликка кўра, тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар апелляция комиссиясига апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар қилмоқда.

Қайд этилишича, апелляция шикоятини берган абитуриентларга уни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома берилади. Aбитуриент хабарномада белгиланган вақтда шахсини тасдиқловчи ҳужжат, хабарнома ва абитуриент рухсатномаси билан Давлат тест марказига келиши шарт.

Aпелляция шикояти кўрилаётган абитуриентга унинг жавоблар варақаси нусхаси, тест топшириқлари нотўғри бажарилган жавоблар рўйхати ҳамда тест синовларида абитуриентга тақдим этилган тест топшириқлари китоби берилади.

Тақдим этилган ҳужжатлар асосида абитуриент ўзининг ҳар бир нотўғри деб ҳисобланган тест топшириғига жавобларини ёзма равишда баён қилади ва қабул қилиб олган барча тест материаллари билан бирга апеллация комиссиясига тақдим этади.

Aпелляция шикояти апеллация комиссияси томонидан фақат абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади.

Aбитуриентнинг ёзма жавоблари ўз тасдиғини топмаган бўлса, апелляция комиссияси тест синовлари натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Aбитуриент мурожаат қилганда унга апелляция шикояти бўйича қабул қилинган қарордан кўчирма берилади. Aбитуриентнинг жавоблар варақаси, тест топшириқлари китоби Давлат тест марказига белгиланган тартибда етказилмаган, йиртилган бўлса, шунингдек, тест синовларидан четлаштирилган ёки ўзининг жавобларини ёзма равишда баён қилмаган абитуриентнинг апелляция шикояти кўриб чиқилмайди.

Aпелляция комиссиясининг қарори бўйича маълумот Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига апелляция шикоятларини кўриб чиқиш тўлиқ якунланганидан сўнг, беш иш куни ичида тақдим этилади.

Aпелляция комиссиясининг қарори Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқлангандан сўнг кучга киради.

Мавзуга оид