Жаҳон | 12:56 / 07.09.2021
42724
9 дақиқада ўқилади

«Толибон»нинг Марказий Осиёдаги барқарорликка таҳдиди. Бу қанчалар асосли?

Афғонистондаги инқироз минтақа учун янги хавфлар туғдиради, лекин Марказий Осиё шундоғам узоқ вақт давомида ўз чегараларидаги тартибсизликни инобатга олган ҳолда яшаб келган. Терроризм, чегара муаммолари ва афғон қочқинларини қабул қилиш натижасида юзага келиши айтилаётган таҳдидлар қанчалик асосли?

Термиз яқинидаги ҳарбий ўқув машғулоти / Россия мудофаа вазирлиги

АҚШ чиқиб кетганидан кейин «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни эгаллади. Бу қўшни Марказий Осиё давлатлари учун бир қанча таҳдидларни юзага келтириши бўйича тахминлар кўпаймоқда. Минтақа қочқинлар ва гиёҳванд моддалар билан тўлиб-тошиши, доимий террорчилик ҳужумидан азият чекиши ҳақидаги қарашлар ҳам мавжуд.

Албатта, кўп нарса «Толибон»нинг бўлажак ҳаракатларига боғлиқ, лекин аниқки, бундай ҳалокатли прогнозларнинг аксарияти Марказий Осиё давлатларининг хавф-хатарга ўта заифлиги ҳақидаги нотўғри тасаввурларга асосланган. Аввало, минтақа давлатлари «Толибон» яна ҳокимиятга қайтиш эҳтимолларини ҳам инобатга олиб, сиёсат юритган.

Ҳатто энг ёмон сценарийда ҳам Марказий Осиёдаги вазият баъзилар тахмин қилган даражада ёмон бўлмаслиги мумкин, лекин «Толибон»нинг Афғонистондаги ғалабаси Марказий Осиё давлатларида режимларини ҳам, ташқи дунёга бўлган муносабатларни ҳам ўзгартириши мумкин.

Чегара

Деярли ҳеч ким Кобул бу қадар тез қулашини кутмаганди. Аммо, умуман олганда, америкаликлар эртами-кечми кетиши, толиблар қолиши ва яна ҳокимият тепасига келиши ҳаммага аён эди. «Толибон»нинг дастлабки ҳокимиятга келган пайтида минтақа давлатлари раҳбарлари ҳам толиблар билан прагматик мулоқот қилиш зарурлиги ҳақида гапиришган.

Афғонистондан чиқиш, ҳатто Барак Обама даврида ҳам жиддий муҳокама қилинганини ҳисобга олсак, минтақада ҳозирги воқеаларга тайёргарлик кўриш учун етарли вақт бор эди. Шу сабаб биринчи ўринда чегаралар тайёрланди.

Ўзбекистон Афғонистон билан умумий узунлиги 150 км.га яқин чегарасини икки қават тиканли панжара билан ўраб, тўлиқ кузатув камералари билан жиҳозлаган. Афғонистондан Ўзбекистонга қуруқлик орқали ўтишнинг ягона йўли Термиз – Ҳайратон кўприги ҳисобланади.

Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасидаги вазият эса анча мураккаб. У Ўзбекистонникидан қарийб 10 баробар узун ва нафақат Панж дарёси бўйлаб, балки тоғлар оралаб ҳам ўтади. Айниқса, Тожикистон армияси Марказий Осиёдаги энг кучсиз армия эканлигини инобатга олсак, бундай чегарани ҳимоя қилиш анча қийин (Global Firepower рейтингида 140 давлат орасида 99-ўринни эгаллайди).

Тўғри, бу муаммолар асосан фаол халқаро ҳамкорлик ҳисобига қопланиши мумкин. Тожикистонда Россиянинг йирик ҳарбий базаси бор ва тожик бўлинмалари билан бирга чегарани рус ҳарбийлари ҳам қўриқлайди. Шунингдек, Вахон коридорида ХХР кучларининг чегара пости жойлашган.

Туркманистоннинг Афғонистон билан чегараси тожик чегарасининг ярмига тенг, тахминан 800 км, асосан чўл орқали ўтади ва уни назорат қилиш ҳам осон эмас. Аммо Афғонистондаги вазият ёмонлаша бошлагач, Ашхобод чегарани мустаҳкамлаб, унга оғир ҳарбий техникаларни жойлаштира бошлади.

Бунга параллел равишда Марказий Осиё давлатлари Афғонистондаги можаронинг барча иштирокчилари билан дипломатик алоқалар ўрнатмоқда. Туркманистон «Толибон» билан анчадан буён норасмий музокаралар олиб бормоқда. Ўзбекистон эса 2018 йилда, Афғонистон бўйича Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда «Толибон» билан музокаралар бошлаганини очиқ эълон қилганди.

Ҳозирча Афғонистоннинг янги ҳокимияти билан фақат Тожикистон алоқага чиқмаган. Мамлакат президенти Имомали Раҳмон ўзини афғон тожикларининг ҳимоячиси сифатида кўрсатмоқда, жумладан, толиблардан этник тожикларни янги инклюзив ҳукуматга киритишни талаб қилмоқда. Шу билан бирга, Раҳмоннинг айтишича, этник тожиклар Афғонистон аҳолисининг 46 фоиздан кўпроғини ташкил қилади, гарчи кўпчилик тадқиқотчилар уларнинг улушини 20 фоиздан бироз кўпроқ баҳолашса ҳам. Шунга қарамай, ҳатто Тожикистон ҳам толибларга тўғридан тўғри қаршилик кўрсатмайди ва уларнинг ҳокимиятини тан олишдан бош тортмаяпти.

Афғон қочқинлари

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти прогнозларига кўра, шу йил охиригача ярим миллионга яқин афғон қочқинлари пайдо бўлиши айтилмоқда. Ғарб давлатлари аллақачон Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан улар билан ҳамкорлик қилган ва эвакуация пайтида олиб чиқа олмаган афғонларга бошпана беришни сўрашмоқда.

Бироқ Афғонистондан йирик иммиграция оқими ўнлаб йиллардан буён давом этмоқда. Шу вақт мобайнида афғонлар Марказий Осиё давлатларига кўчиб ўтишни деярли амалга оширмаган. Кўпинча улар Афғонистоннинг бошқа қўшнилари Покистон ва Эронга чиқиб, бу ердан Европа давлатларига ўтишга ҳаракат қилишади. 2020 йилда энг кўп афғон қочқинларини Европа Иттифоқи (40 мингдан ортиқ), Австралия (11 минг) ва Буюк Британия (9 минг) қабул қилди.

Марказий Осиё давлатлари ва Россия мамлакатлари эса қочқинларни қабул қилишни деярли истамайди. Масалан, «Толибон»нинг аввалги ҳукмронлик даврида Ўзбекистон ўз чегарасини бутунлай ёпиб қўйган ва ҳатто 2001 йилда БМТ талабидан кейин ҳам чегарани очишдан бош тортганди. Афғонистон билан узоқ йиллик алоқаларга қарамай, ҳозирда Россияда ҳам бир неча минггина афғон яшайди.

Марказий Осиёда сахий ижтимоий дастурлар ёки кўчиб ўтишни осонлаштириш учун мустаҳкам афғон диаспоралари учун ривожланаётган меҳнат бозорлари йўқ. Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарияти ҳам Афғонистондан қочқинларни қабул қилмаслигини маълум қилишди. Тожикистонда ҳозиргача фақат «вақтинча» минглаб қочқинларга у ердан бошқа давлатларга кетиш учун Кўлоб шаҳридаги аэропортда қолишга рухсат берилган.

Умуман олганда, Марказий Осиёнинг ҳеч бир давлати афғон қочқинлари ўз ҳудудига киришига рухсат бермаяпти ва бу мамлакатларга кўчиб ўтишдан афғонлар ҳам жуда манфаатдор эмас. Шу нуқтайи назардан бу мамлакатларга афғон қочоқларидан таҳдидлар юзага келиш эҳтимоли жуда ҳам паст.

Терроризм

Минтақа давлатлари билан ўтказилган барча музокараларда толиблар Марказий Осиё давлатларига таҳдид қилмаслигини эълон қилган. Бироқ бу ваъдаларни бажара олиш қобилияти кўплаб саволлар туғдиради, айниқса, мамлакатда содир бўлган охирги терактлардан кейин.

Тожикистон бу борада ҳам энг заиф давлат. У ерда террористик ҳужумлар АҚШ армияси Афғонистонни назорат қилган пайтда ҳам содир бўлган. Масалан, 2019 йил 6 ноябрь куни, мамлакатдаги Конституция кунида, Тожикистон расмийларининг маълумотларига кўра, ИШИД жангарилари Афғонистондан мамлакатга кириб келишган ва деярли 300 км масофани босиб ўтиб, Ўзбекистон билан чегарадаги Ишкобод чегара постига ҳужум қилишган. Ушбу воқеадан бир йил олдин, 2018 йилда тожик тоғларида тўрт нафар хорижлик сайёҳ ўлдирилган эди. Икки ҳолатда ҳам ИШИД жавобгарликни ўз зиммасига олган. Ҳукумат версияларига қараганда, бу ҳужумлар ортида афғонлар эмас, маҳаллий радикаллар турган.

Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам терактлар содир этилган. Масалан, 2016 йил июнь ойида Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида бир гуруҳ террорчилар ўткинчиларга ўқ узиб, полиция бўлимига ҳужум қилиши натижасида 25 киши ҳалок бўлган. Ёки Бишкекдаги шов-шувли теракт, 2016 йилнинг августида террорчи Хитой элчихонаси дарвозасига бориб урилиб, ўзини портлатиб юборган.

Шунга қарамай, сўнгги йилларда Марказий Осиёда содир этилган терактларнинг аксарияти умуман Афғонистонга, хусусан «Толибон»га алоқаси йўқ.

Лекин «Толибон»да ички низо кучайиб, ўз жангари гуруҳлари устидан назоратни йўқотган тақдирда минтақа мамлакатларига терроризм таҳдиди ортиши мумкин.

Умуман олганда, Марказий Осиёда радикал ғояларга бўлган талаб муболаға қилинади. Афғонистондаги вазият маҳаллий жамиятлар «Толибон»нинг муваффақиятидан илҳомланиб, ўз мамлакатларида шунга ўхшаш нарсаларни уюштиришга тайёрлигини ҳам англатмайди. Диний ва этник яқинлигига қарамай, Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари анчадан буён бутунлай бошқача шароитда ривожланиб келган ва бир-бири билан кўпчилик ўйлагандан кўра камроқ умумийликларга эга.

2017 йил маълумотларига кўра, Афғонистон аҳолисининг қарийб 10 фоизи ўқотар қуролга эга, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистонда бу кўрсаткич 0,003 фоизни, Қирғизистон ва Қозоғистонда 0,02 фоизни ташкил этади.

Айтиш мумкинки, Афғонистондаги инқироз минтақа учун янги хавфлар туғдиради, лекин Марказий Осиё узоқ вақт давомида ўз чегараларида тартибсизлик билан яшаган ва «Толибон» хавфи билан курашда йигирма йиллик тажрибага эга. Бу вақт мобайнида мамлакатлар ўз позицияларини мустаҳкамлашга улгуришди ва ҳозирда кутилмаган ҳодисаларга анча яхши тайёргарлик кўришган. Афғонистондаги сўнгги воқеалар Марказий Осиёда хаос юзага келтириши даргумон. Ҳукмрон тузумлар жамият устидан назоратни кучайтириши, Россия эса минтақавий хавфсизликдаги ролини ошириши эҳтимоли кўпроқ.

Москвадаги Карнеги тадқиқотлар маркази материали асосида Достон Аҳроров тайёрлади

Мавзуга оид