Жаҳон | 21:21 / 07.09.2021
7264
2 дақиқада ўқилади

Туркия миллий авиакомпанияси Кобулга рейсларга чипта сотишни бошлади

Туркия миллий авиакомпанияси Turkish Airlines Истанбулдан Афғонистон пойтахти Кобулга рейсларга чипта сотишни бошлади. Бундан компания сайтидаги маълумотлар дарак бермоқда. Айни вақтда Кобул билан халқаро авиаалоқа тўхтатилган.

Фото: Leon Neal / Getty Images

Авиакомпания сайтида 1 октябрь ва ундан кейинги саналарга Кобулга рейсларга чипта харид қилиш имконияти пайдо бўлган. Чипта нархи шинамлик даражасига боғлиқ ҳолда 7275 лирадан 15035 лирагачани ташкил қилади.

Айни вақтда турк авиакомпанияси Airbus A330-203 ёки Boeing 777-300ER самолётларида Кобулга кунига битта рейс амалга оширмоқчи.

Шунингдек, авиакомпания сайтида 2 октябрдан бошлаб Истанбулдан Кобулга Деҳли орқали рейсга чипта сотиб олиш ҳам мумкин бўлади. Тахмин қилинишича, Деҳлидан Кобулга йўловчиларни Air India авиакомпанияси етказиб қўяди. Ҳозирча ҳинд авиакомпанияси сайтида Кобулга рейсларга чипта сотиш эълон қилинмаган.

Бироқ Ҳиндистоннинг яна битта авиакомпанияси SpiceJet сайти маълумотларига кўра, компания 1 октябрдан Деҳлидан Кобулга рейсларни йўлга қўяди.

Аввалроқ Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғлу Анқара АҚШ ва Қатар билан Кобул халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш бўйича иш олиб бораётганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, аэропорт таъмирланиши мумкин, унда ҳозир 19 нафар турк мутахассиси иш олиб бормоқда. Бироқ Кобулга тижорат рейсларини амалга оширишдаги асосий тўсиқ авиаалоқа хавфсизлиги кафолатланиши ҳисобланади. Човушўғлу аэропорт қўриқланишини хусусий компаниялар ёки бошқа давлатлар таъминлаши мумкинлигини айтган. 

“Унгача авиакомпаниялар Кобулга учишни истаса ҳам, суғурта компаниялари бунга йўқ қўймайди”, деб айтган Туркия вакили.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид