Жамият | 19:15 / 14.09.2021
40728
2 дақиқада ўқилади

Андижонда ИИБ ходимлари фуқароларни калтаклагани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида ички ишлар ходимлари томонидан фуқаролар калтаклангани ва ҳақоратлангани айтилган видеолар тарқалди. Фуқаролар билан зиддиятга борганлар Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходимлари эканлиги айтилмоқда.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан бугун, 14 сентябрь куни Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

«Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, Андижон вилоят прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган» – дейилади баёнотда.

Шунингдек, Андижон вилояти ИИБ масъул ходимлари ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилаётганини, натижаси юзасидан қўшимча ахборот берилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 30 май куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБнинг ходимлари фуқаро А.А.ни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, унинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб турган. А.А. соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган ва 11 июнь куни вафот этганди.

2020 йилнинг 27 ноябрь куни, жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судида ички ишлар ходимларига суд ҳукми ўқилган.

2020 йил 21 июн куни вилоятнинг Асака туманида 9 ёшли қиз бола ўз уйида шафқатсизларча ўлдириб кетилди. Ушбу жиноят марҳуманинг қўшниси Асрорахон Ҳамдамованинг “бўйнига қўйилди”. Тергов ва суд даврида 10 ой умрини қамоқда ўтказган аёл якунда оқланди. У Kun.uz’га берган интервьюсида бу жиноятни ИИБ ходимларининг тазйиқ ва қийноқлари таъсирида бўйнига олганини айтганди

Мавзуга оид