Жаҳон | 09:37 / 15.09.2021
11818
2 дақиқада ўқилади

Си Цзиньпин Байденнинг шахсий учрашув ҳақидаги таклифини рад этди - ОАВ

АҚШ президенти Жо Байден Хитой раиси Си Цзиньпин билан телефон суҳбатида хитойлик ҳамкасбига биринчи шахсий учрашувни ўтказишни таклиф қилди. Бироқ Хитой раҳбари бу таклифга рад жавоби берган, деб хабар берди Financial Times.

Фото: AP

Нашрнинг икки етакчи ўртасидаги суҳбат мазмунидан хабардор манбалари маълумотларига кўра, Си Цзиньпин Байденнинг таклифини қабул қилмаган ва бунинг ўрнига Вашингтон Пекинга нисбатан оҳангдаги кескинликни камайтиришни талаб қилган

“Кўринишича, Си Цзиньпин учрашувдан аввал муомалани ва муносабатларни яхшилаш кераклигига ишора қилган”, деб айтган манбалардан бири.

Таъкидланишича, Хитой раиси АҚШ президенти билан учрашувдан қисман коронавирус юқтириш хавфи сабабли ҳам бош тортган бўлиши мумкин, чунки у пандемия бошлангандан бери ҳали бирорта хорижий сафарни амалга оширмаган. 

Бироқ Reuters’нинг хабар беришича, АҚШ президенти журналистлар билан суҳбатда Financial Times’нинг Хитой раиси учрашув ҳақидаги таклифни рад этгани ҳақидаги хабарини нотўғри деб айтган. Шу билан бирга, Байден хитойлик ҳамкасбига умуман бундай таклифни билдиргани ёки йўқлиги ҳам номаълум.

Аввалроқ Хитой ва АҚШ етакчилари 10 сентябрда телефон суҳбати ўтказгани маълум қилинган. 

Оқ уйнинг таъкидлашича, икки етакчи АҚШ ва Хитой ўртасидаги рақобат масалаларини ва унинг катта можарога айланиб кетмаслигининг олдини олиш йўлларини муҳокама қилган.

Си Цзиньпин икки давлат ўртасидаги муаммолар ҳам икки давлат, ҳам бутун дунё манфаатлари учун тўғри келмаслигини айтган. У “дунё тақдири Хитой ва АҚШ ўз муносабатларини қай йўсинда йўлга қўя олишига боғлиқлигини” таъкидлаб ўтган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид