Жаҳон | 18:23 / 19.09.2021
25353
6 дақиқада ўқилади

Мали «Вагнер» жангчиларини ёлламоқчи. Франция маҳаллий ҳукуматни огоҳлантирди

Франция мудофаа вазири Флоренс Парли Мали ҳукуматини россияликларнинг хусусий қўриқлов компанияси бўлмиш «Вагнер» билан ҳамкорлик келишуви тузишдан сақланиш борасида огоҳлантирди. Расмий Москва Африка давлатларидаги таъсирини кенгайтиришидан хавотирланаётган Франция Мали ҳукумати «вагнерчилар»ни ёллаш орқали французларнинг ушбу ҳудуддаги аксилтеррор амалиётларини қийинлаштиришини айтмоқда.

Вагнерчиларнинг Молькинодаги полигони / VITALY TIMKIV/TASS VIA GETTY IMAGES

Кремль Мали ҳукумати ва Россия россиялик ҳарбийларни Африканинг ушбу мамлакатига юбориш бўйича қандайдир музокара ўтказаётганини рад этган.

Малидаги ҳарбий ҳукумат «Вагнер» жангариларини ёлламоқчи экани ҳақидаги хабарлар ўтган ҳафтада пайдо бўлганди.

«Франс пресс» манбаси хабар қилишича, Мали «Вагнер» ХҲК билан мамлакатга мингга яқин россиялик ёлланма жангчини ташлаш бўйича келишув имзоламоқчи.

«Агар Мали ҳукумати «Вагнер» билан шартнома тузса, бу биз кўп йиллар мобайнида Саҳел минтақасидаги давлатларни қўллаб-қувватлаш учун олиб борган ва олиб бормоқчи бўлган ишларимизга мос келмайдиган фавқулодда хавотирли сигнал ҳисобланади», деган Флоренс Парли.

Мали Мудофаа вазирлиги вакили ҳукумат ва россияликлар хусусий қўриқлов компанияси ўртасида музокаралар ўтказилиши мумкинлигини истисно этмаган.

«Расмий музокаралар бўлгани йўқ», деган журналистларга Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков телефон конференцияси чоғида.

«Биз кўплаб мамлакатлар, шу жумладан Африка қитъасидаги мамлакатлар билан алоқаларни, ҳарбий алоқаларни ҳам қўллаб-қувватлаймиз», дея қўшимча қилган Песков.

Аммо унинг сўзларига кўра, Малида Россия қуролли кучлари вакиллари йўқ.

Франция мудофаа вазири Мали ҳукуматини «Вагнер» билан ҳамкорликка йўл қўйиб бўлмаслигидан огоҳлантирди / Reuters

«Афтидан, Москва ва Парижнинг Африкадаги таъсир доираларни кенгайтириш учун рақобати кучаймоқда. Ба Саҳел минтақасида кучайиб бораётган радикал кучларга қарши халқаро даражада курашга таъсир кўрсатиши мумкин. Мали «Вагнер»нинг камида мингта россиялик жангчисини ёллаш ниятида экани ҳақидаги хабар Францияни ташвишлантирмай қолмайди. Мудофаа вазири Флоренс Парли бундай келишув Франциянинг ушбу мамлакатдаги аксилтеррор операцияларига путур етказиши мумкинлигини айтиб чиқди», дейди BBC Африка бўлими редактори Уилл Росс.

Франция ТИВ раҳбари Жан-Ив Ле Дриан агар Малида «Вагнер» жангчилари пайдо бўлса, Париж у ердан ўз ҳарбийларини олиб кетишидан огоҳлантирди.

2013 йилда жангарилар мамлакат шимолини эгаллаб олиб, пойтахт Бамако сари юриш бошлаганида Франция Малига қўшинини киритган. Ўшандан буён Париж Саҳел минтақасига минглаб ҳарбийларини юборади, французлар бу ерда маҳаллий кучлар билан ҳамкорликда «Ал-Қоида» ва ИШИД таъсиридаги жангариларга қарши кураш олиб боради.

«Малига «вагнерчилар» келиши Франция президенти Эммануэль Макрон учун «қизил чизиқ» вазифасини ўтайди. Агар бу рўй берса, Париж айни вақтда Малида жойлаштирилган ҳарбийларини қўшни Нигерга кўчириши мумкин бўлади», дейди «Франс-пресс» агентлиги манбаси.

Француз ҳарбийлари 2013 йилдан буён Малида / Reuters

«Вагнер гуруҳи» одамлари Малига келгани ҳақида «Франс-пресс» илк марта 2019 йил охирида хабар берганди, ўшанда собиқ президент Иброҳим Бубакар Кейта Россия билан ҳарбий ҳамкорлик борасида келишув имзолаши ортидан пойтахтда россиялик жангчиларнинг кичик гуруҳини пайқашганди.

Сўнгги йилларда россияликларнинг ҳарбийлашган гуруҳлари Африкада тез-тез пайдо бўлиши кузатилмоқда, айниқса, уруш гирдобида қолган Марказий Африка Республикаси ҳудудида.

МАР — дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларидан биридир. Аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми бўйича сўнгги ўринларда (фақат Бурунди қашшоқроқ). Аммо бу ерда турли фойдали қазилма бойликларнинг катта захиралари мавжуд: нефть, олтин, олмос, уран рудаси.

Россиянинг қатор компаниялари ушбу мамлакатдаги тоғ-кон секторига киришга муваффақ бўлган.

МАР — «Вагнер» кучлари киритилган Африкадаги ягона мамлакат эмас.

«Франс пресс» агентлиги манбаси хабар қилишича, «Вагнер» ва Мали ҳукумати ўртасидаги келишув ҳам Россиянинг ушбу мамлакатдаги фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳуқуқига эга бўлишини назарда тутади.

Марказий Африка Республикасидаги армия базаси / ALEXIS HUGUET

«Вагнер» Ливиядаги можарода ҳам Россия манфаатларини ифода этади. Жорий йилда бир неча халқаро ҳуқуқ ташкилотлари бу компания ёлланма жангчиларини қатор қонунбузарликлар содир этишда айблаб чиқди.

«Вагнер» жангчилари Суданга ҳам жойлаштирилган, бу ерда улар пойтахт Хартумда ҳукуматга қарши намойишларни бостиришда иштирок этган. Шунингдек, ОАВ маълумотига кўра, улар Мозамбикда ҳам маҳаллий ҳукуматга ИШИД жангариларига қарши курашда ёрдам беради.

ОАВдаги турли маълумотлар «Вагнер» жангчилари Суриядаги фуқаролик урушида ҳам иштирок этганини кўрсатади.

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси Россия президентига яқин бўлган бизнесмен Евгений Пригожинга алоқадор экани айтилади.

«Вагнер» ХҲК расман мавжуд эмас — ёлланма жангчилар ташкилоти Россия қонунчилигига ҳам, халқаро қонунчиликка ҳам тўғри келмайди.

ЕИ ва АҚШ томонидан санкцияларга дучор этилган Евгений Пригожин ҳам «Вагнер»га алоқадорлиги ёки Африкадаги можароларда қандайдир роль ўйнаши ҳақидаги маълумотларни рад этиб келади.

Мавзуга оид