Жаҳон | 01:33 / 21.09.2021
23775
2 дақиқада ўқилади

Канада бош вазирининг саллада тушган сурати можарога сабаб бўлди

Фото: Daily Mail

Canadian Proud консерваторлар гуруҳи Канададаги парламент сайловлари арафасида Twitter’даги саҳифасида Канада бош вазири Жастин Трюдонинг саллада ва юзини қора рангга бўяган ҳолда тушган суратини жойлаштирди. Daily Mail нашрининг ёзишича, ушбу сурат 20 сентябрда бошланган сайловларда Трюдонинг ғалаба қозонишга имкониятларини ёмонлаштириши мумкин.

Таъкидланишича, ушбу сурат 2001 йилда олинган. Ўшанда бўлғуси бош вазир Ванкуверда хусусий ўқитувчи бўлиб ишлаган ва “Араб туни” деб номланган кечада иштирок этган. Ўшанда аксарият иштирокчилар, жумладан Трюдо кечага арабча услубдаги кийимларда ташриф буюришган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Канада бош вазирининг ушбу суратини ирқий деб топишган.

“Мен консерватор эмасман, бироқ Жастин Трюдонинг “блекфейс” (оқ танли одамларнинг ҳажвий мақсадда юзини қорага бўяши) билан тушган навбатдаги сурати пайдо бўлганда, қандай қилиб у бу иши учун партияси ёки тарафдорлари томонидан жавобгарликка тортилмаганини ҳеч тушуна олмайман”, деб таъкидлаб ўтган фойдаланувчилардан бири.

Бундан аввал ҳам Трюдонинг юзини қора рангга бўяган ҳолда акс этган видеоси интернетда тарқалганди ва унинг оммавий танқид қилинишига олиб келганди. Ўшанда у сурат учун узр сўраган. Бироқ Трюдо яқинда бўлган сурати бўйича ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид