Қирол кетди, қиролликда пароканда бошланди. «Барселона» Мессисиз эплолмаяптими?
Лионель Мессининг кетиши «Барселона» учун оғриқли бўлиши аввалдан маълум эди. Ахир ҳар йили 40-50талаб гол уриши тайин бўлган футболчи бирданига кетиб қолиши ҳар қандай жамоани қийнаб қўйиши кутилганди. Лапорта «Барселона»да ҳаммаси яхши бўлишига ишонтираётганди, аммо воқеалар Лапорта кутганидек эмас, кўпчилик кутганидек ривожланмоқда.
Хуан Лапорта «Барселона» президентлигига қайтиш учун ҳамма ишни қилди. Ҳатто Мессидан ҳам фойдаланди. Сайловчиларга Мессини клубда олиб қолишини айтиб, президент бўлди. Кейин эса Ла Лига чекловлари туфайли юлдуз футболчи барибир кетишга мажбур бўлди. Клуб раҳбарияти буни Мессининг маошига пул топа олмай қолганликлари билан изоҳлашди, лекин маоши икки баравар қисқаришига рози бўлган футболчига таътилдан қайтиши билан янги шартнома имзолашини айтишганди.
Лапорта Мессини қўйиб юбориш билан чекланмади. Эмерсон, Мориба каби клуб келажаги деб қаралаётган яхши футболчилар сотиб юборилди, Пикенинг маоши қисқарди, Агуэрога янги клуб топиши айтилди. Ва трансфер ойнасида шармандали юриш қилиниб, Гризманн ўрнига Люк де Йонг олиб келинди. Францияни жаҳон чемпионлигига олиб борган Гризманн ўрнига Люк де Йонгни олиб келиш учун фақат Лапорта ёки Куман бўлиш керак.
Хуллас, «Барселона»да қийин дамлар кечаётгани «Гранада» билан ўйинда яна бир бор бўй кўрсатди ва клуб мухлисларини жиддий ўйга толдириб қўйди. Бутун бошли ўйин давомида «Барселона» сафида энг кўп зарба йўллаган футболчи марказий ҳимояда ўйнаган Араухо бўлди, тасаввур қиляпсизми? Ва охирги дақиқада гол урган ҳимоячи жамоасини шармандали мағлубиятдан қутқариб қолди.
6-турда яна бир камтаргина жамоа «Кадис» билан ўйинда каталонияликлар гол ура олишмади (0:0), мавсумдаги учинчи дурангдан кейин жамоа 9 очко билан турнир жадвалининг 7-ўрнида жойлашган.
«Барселона» ўйинлар давомида тинимсиз кроссларни амалга ошириш орқали натижага эришишга интилмоқда. Ваҳоланки доим техникаси юқори футболчилар ўйнаган «Барселона» ҳеч қачон бунақа оддий кўча услубида футбол ўйнамаган. Куман де Йонгни олиб келиш орқали тўпни иккинчи қаватга етказиб бериб, де Йонгнинг бош билан урган голлари эвазига чемпионликни кўзлаган кўринади.
Иқтисодий муаммо
Ҳозир «Барселона» жиддий иқтисодий муаммони бошдан кечирмоқда. Ўтган йили жамоа 500 миллион еврога яқин пул йўқотган. Буни қарангки, бу ҳақда ўз вақтида Мессини 500 миллион еврога олиши мумкин бўлган «ПСЖ» уни текинга қўл киритган вақтда гапиряпмиз. Ҳозир Рональд Куманнинг истеъфоси ҳақида гапириляпти, лекин бу ҳам осон иш эмас. «Барселона» нидерландиялик мураббийни кетказиш учун камида 12 миллион евро компенсация тўлаши керак. Ўзи шундоғам олдинги мураббий Кики Сетьендан қарзини узишда давом этаётган клуб Куманни кетказса, янги мураббийга ҳам «отнинг калласидек» маош беришини инобатга олсак, бир вақтнинг ўзида уч мураббийга маош бераётган бўлади. Бу эса йиллик маошини 3 миллион еврога кўтаришни сўрагани учун Морибани сотиб юборган «Барселона» учун оғирлик қилиши табиий.
Куман «Бавария» билан ўйиндан аввал унга 2022 йилда якунига етажак шартномани яна бир йилга узайтириш таклиф қилинганини айтганди, энди эса ундан кетиш-кетмаслиги ҳақида сўрашмоқда. Дарвоқе, «Бавария» 8:2 ҳисобидаги ўйинда «Барселона» ислоҳотларга муҳтож эканини кўрсатиб қўйган бўлса, охирги ўйиндаги йирик ғалабаси билан Куманнинг келиши жамоада ҳеч нарсани ўзгартирмаганини кўрсатди. Ўта хотиржам «Бавария»нинг фонида «Барселона» жуда бечора жамоадек кўринди ва ўйинни битта ҳам аниқ зарбасиз якунланди.
Куман тўғри айтди, жамоадаги камчиликларни Месси ўз ўйини билан ёпиб келган. У ўтган мавсумда охирги йиллардаги энг зўр ўйинини кўрсатганди ва «Олтин тўп» учун ҳам асосий даъвогар эканини исботлаганди. Сал қолса «Барселона» Ла Лигада ҳам ғалаба қозонарди ва бу айнан Мессининг феноменал ўйини сабаб. Агар ўтган мавсумда Месси бўлмаганида, жамоа тўртликка кириши ҳам қийин масала бўлиб қоларди.
Аммо Лапортанинг «Перес бўлиш йўлидаги» мақсади йўлида қурбон қилинган Месси энди Парижда. Суарес ҳам «Атлетико»ни кетма-кет иккинчи чемпионликка олиб боришга интиляпти, энди унга Гризманн ҳам ёрдам беради. «Барселона» эса Мартин Брайтвейтнинг йўқлиги жиддий йўқотиш деб қабул қилинадиган, Люк де Йонгнинг бош билан урадиган голларига умид қиладиган, Араухо қаҳрамон бўлган клуб.
Шу ўринда «Барселона»нинг ғалати трансфер сиёсати ҳақида яна бир мулоҳаза. Клуб ўзининг энг яхши футболчиларини рақобатчисига бериб юбориш орқали уларни кучайтириб юбормоқда. Масалан, ўз вақтида «Эвертон» билан АПЛ ўртамиёнасига айланган Куман «Барса»га келиб, собиқ «ливерпулчи» Суарес ўзига керак эмаслигини айтди. Луис эса «Атлетико»ни чемпион қилди. Энди Гризманн ҳам Симеоне жамоасига кетди. Шундай экан жорий мавсумда Ла Лига бош соврини учун икки Мадрид клуби курашишини тахмин қилиш ўринли.
Кейинги қаҳрамон ким бўлади?
Нидерландиялик Мемфис Депай «Лион»дан текинга олиб келинди ва у дастлабки ўйинларда Месси йўқлигини билдирмайдигандек таассурот уйғотди. Аммо аста-секин бу ҳамон ўша-ўша Депай эканини кўрдик. Мемфис ҳеч қачон барқарор ўйин кўрсатмаган, айниқса катта жамоаларда. Буни «МЮ»да ҳам кўргандик. Шунингдек, Месси кетгач, қолган футболчиларнинг ҳам очилиши, жамоада янги юлдузлар порлаб чиқиши тахмин қилинганди. Аммо бундай ҳам бўлмади. Масалан, Рики Пуч захирада ўтирибди, Дембеле доимгидек тикланиш билан банд, фақат рақами ўзгарган.
Каталонияликларнинг умиди Ансу Фатидан. Мессининг рақамини олган ёш футболчи энди шунга яраша ҳаракат қилишга интилади. У тез орада сафга қайтади. Мессининг соясида қолгани иддао қилинган бошқа юлдузлар эса ҳозирча умидларни оқламаяпти.
Нега Месси билан бошқача эди?
Мессининг жамоада бор экани бошқа футболчиларга қийинчилик туғдиради, дейиш учун камида футбол кўрмайдиган одам бўлиши керак. Ўзи билан дунёнинг энг зўр футболчиси ўйнаётган футболчи қанақасига ўзини ноқулай ҳис қилиши мумкин? Аксинча унинг жамоада бўлиши қолганларга ишонч бағишлайди. Мағлуб бўлаётганда ҳам футболчилар хотиржам бўладики, улар ҳозир Месси нимадир қилади, деган ўй билан ўйнашади. Энди жамоада мана шундай ишонч йўқ. Яқингача захира ўриндиғида ҳам кўриниш бермаган, лекин энди асосий таркибда ўйнаётган Демир ва Балде каби 18 ёшли болалар бор. Захирада етарли имконият йўқлиги ва Пике ҳужумни кучайтириш учун майдонга туширилиши Куманнинг эмас, клубнинг инқирози аслида.
Ҳа, «Барселона»нинг бугунги ҳолатида фақат Куманни айблаш тўғри бўлмайди. Якка ҳукмдор бўлишдан бошқа нарсани ўйламаётган ва суперлига ҳақида орзу қилаётган Лапорта, қисқасини айтганда, эплолмаяпти. У тинмай қарздорлик ҳақида гапирмоқда, лекин ундан чиқиб кетиш учун нимадир қила олмаяпти. Ҳеч бўлмаса, текинга ва арзонга кетган футболчиларни яхши нархга сотиши мумкин эди. Ҳозирча эса Каталонияда парокандалик. Худди олдинги каби парокандалик, фақат Месси йўқ...
Ўткир Жалолхонов
Мавзуга оид
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
12:52 / 27.10.2024
«Барса» «Реал»ни яксон этди, Ҳоландни тўхтатиб бўлмаяпти. Кун ўйинлари
12:39 / 24.10.2024