Ўзбекистон | 08:17 / 23.09.2021
1500
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда фуқароликни расмийлаштиришда фуқаролардан 5 млн сўм ортиқча жарима ундирилган. 4 та туманда 281 мурожаатга жавоб хатлари юборилмаган

Омбудсманнинг Қорақалпоғистондаги минтақавий вакили 2020 йил январдан 2021 йил июль ойигача бўлган муддатда туман (шаҳар) ИИБларининг фуқароликни расмийлаштиришга оид иш юритувини ўрганди.

Аниқланишича, фуқароликни расмийлаштириш соҳасида 2020–2021 йиллар давомида Қонликўл, Хўжайли, Элликқалъа ва Тахтакўпир туманлари ИИБларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан жами 281 ҳолатда жисмоний шахслардан келиб тушган мурожаатларга жавоб хатлари юборилмаган.

Хусусан, 29 ҳолатда фуқароларга баённома расмийлаштиришда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 281-моддаси талабларига риоя этилмаган. 19 ҳолатда баённомани тузиш вақтида ҳуқуқбузарларга ушбу Кодекснинг 294-моддасида назарда тутилган уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилмаган ва бу ҳақида баённомада акс эттирилмаган.

Бундан ташқари, айрим туман (шаҳар) бўлимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва тегишли баённома расмийлаштириш амалиёти йўлга қўйилмаган. Уларининг мансабдор шахслари томонидан жами 68 ҳолатда Кодекснинг 310-моддасига мувофиқ тегишли қарорлар қабул қилинмасдан фуқаролардан жарималар ундирилган.

Хусусан, Хўжайли туманида 17 та, Тахтакўпир туманида 3 та, Шуманай туманида 7 та ва Мўйноқ туманида 1 та ҳолатда тегишли қарорлар қабул қилинмасдан, фуқаролардан жарималар ундирилган.

Шунингдек, туман (шаҳар) бўлимларининг мансабдор шахслари томонидан ушбу Кодекснинг 3321-моддаси талабларини бузган ҳолда жами 157 ҳолатда (Хўжайли туманида 8 та, Шуманай туманида 18 та, Тахиатош туманида 28 та, Қораўзак туманида 3 та, Нукус туманида 22 та, Беруний туманида 9 та, Нукус шаҳрида 11 та, Қўнғирот туманида 13 та, Тўрткўл туманида 7 та, Кегейли туманида 36 та, Амударё туманида 2 та) жарима миқдорининг 100 фоизи ундирилган.

Бунда ҳар бир фуқародан ўртача (белгиланган жариманинг етмиш фоизидан ортиғи, яъни ўттиз фоизини қўшиб) 33–35 минг сўмдан ортиқча пул ундирилган бўлиб, 157 нафар фуқародан 5 млн сўм ундирилган.

Бундан ташқари, айрим туман (шаҳар) бўлимлари томонидан Кодекснинг тегишли моддаларида кўрсатилган талаблар бузилган ҳолда жами 13 ҳолатда (Шуманай туманида 1 та, Тахиатош туманида 2 та, Тахтакўпир туманида 1 та, Чимбой туманида 6 та, Элликқалъа туманида 2 та) жарима солиш ҳақидаги қарор “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган нормаларга мувофиқ жаримани унинг иш ҳақи ёки бошқа даромади, нафақаси ёки стипендиясидан мажбурий тарзда ундириб олиш учун юборилмай қолган, белгиланган муддатдан кечикиб ундирилган ёки шу кунга қадар ундирилмаган.

Эслатиб ўтамиз, олдин Омбудсманнинг Қорақалпоғистондаги вакили Нукус туманидаги ғишт заводида ишлаётган 100 дан ортиқ маҳкумларга 3 ойлик маош берилмаганини аниқлаганди.

Бундан аввалроқ эса Қорақалпоғистондаги қамоқхонада «Омбудсман қутиси» олиб қўйилгани, маҳкумларнинг ётоқхонаси талабга жавоб бермаслиги ва меҳнат ҳуқуқларининг бузилаётганлиги маълум бўлганди.

Мавзуга оид