Ўзбекистон | 10:04 / 23.09.2021
14504
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашди

Кеча, 22 сентябр куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Қирғизистонга расмий ташрифи доирасида Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаров билан учрашди.

Сенат матбуот хизматининг маълум қилишича, томонлар муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шу жумладан, парламентлараро ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилган.

Қирғизистон президенти дўстлик, аҳил қўшничилик ва стратегик ҳамкорлик тамойилларига асосланган икки давлат муносабатлари юксак даражага етганини мамнуният билан қайд этган.

Шунингдек, Жапаров Ўзбекистонда президент сайлови муваффақиятли ўтказиб олинишини тилаб, Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларини тўла қўллаб-қувватлашини билдирди.

Суҳбат давомида томонлар икки мамлакат минтақалари ўртасидаги ҳамкорлик, чегара ҳудудларининг маҳаллий муниципал Кенгашларининг самарали алоқаларини фаоллаштиришга қаратилган икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва икки мамлакат аҳолисининг кенг қатламлари ўртасида яқин маданий-гуманитар алоқалар ва мулоқот учун барча зарур қулай шарт-шароитлар яратишнинг муҳимлигини таъкидлаган.

Маълумот учун, Сенат раиси Танзила Норбоева «Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти» ташаббуси доирасида бўлиб ўтган «Қирғизистон ва Ўзбекистон тадбиркор аёллари мулоқоти» бизнес-форумида ҳам қатнашди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид