Жаҳон | 09:43 / 27.09.2021
7176
1 дақиқада ўқилади

Германиядаги сайловларнинг дастлабки натижалари эълон қилинди 

Германияда ўтган парламент сайловларининг расмий дастлабки натижалари эълон қилинди. Уларга кўра, сайловларда Германия социал-демократик партияси (ГСДП) 25,7 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.  

Фото: Sean Gallup/Getty Images

Сайловларда ГСДПнинг асосий рақиби, амалдаги канцлер Ангела Меркелнинг ХДИ/ХСИ блоки 24,1 фоиз, “Яшил”лар 14,8 фоиз, Германия озод демократик партияси 11,5 фоиз, “Германия учун муқобил” 10,3 фоиз ва “Сўллар” 4,9 фоиз овоз тўплаган.

Сайловлардаги давомат 76,6 фоизни ташкил қилган.

ГСДПдан канцлер лавозимига Олаф Шолтз, ХДИ/ХСИ блокидан Армин Лашет даъвогарлик қилмоқда.

Сайловлар натижаларига кўра, Бундестагда ўринлар тахминан қуйидагича тақсимланади: ГСДП 205-209 мандат, ХДИ/ХСИ – 194-196, “Яшиллар” – 116-118, Германия озод демократик партияси – 91-93, “Германия учун муқобил” – 84, Сўл партия – 39-40 мандат. Янги парламентнинг илк йиғилиши 26 октябрда ўтиши кутилмоқда.

Сайловларда Меркель иштирок этмаган. У канцлер лавозимидаги 16 йиллик фаолиятидан кейин ушбу лавозимни тарк этади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид