Жаҳон | 22:14 / 28.09.2021
5318
2 дақиқада ўқилади

Литвадаги қочқинлар лагерида тартибсизликлар юз берди

Литванинг Рукла шаҳрида жойлашган қочқинларни қабул қилиш марказида мигрантлар орасида ғалаён кўтарилди.

Фото: TASS/imago-images.de/Lukas Balandis

Қочқинлар инглиз тилида “Озодлик!” деб ҳайқиришган ва тартибсизликлар уюштиришган. Лагер раҳбарияти полицияни чақиртиришига тўғри келган.

Дам олиш кунлари юз берган тартибсизликлар давомида 21 киши йўқолиб қолган, улардан 13 нафари ҳамон қидирилмоқда.

“Бизни ҳарбий асирлар деб ҳисоблашмоқда. Бу бизнинг ушбу ердан қочмоқчи бўлаётганимизнинг асосий сабаби ҳисобланади. Ҳар кун орамиздан кимдир қочишга уринади”, деб айтган лагерда яшаётган ироқлик қочқин Сангара Блбаза.

“Бизнинг қочқинлар қочиш учун бундай намойишлар, саботаж, эътиборни чалғитиш усулларини қўллашидан хабаримиз бор. Бу йўлга қўйилган тизимдир. Бу қочишнинг энг яхши усулларидан бири”, деб айтган Литва ички ишлар вазирлигининг жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғи Ричардас Поцюс.

Таъкидланишича, қочқинлар лагер шароитларидан шикоят қилишмоқда ва у ерда балоғатга етмаган бола оғир касалликдан вафот этгач, ўз соғлиқларидан хавотирланишмоқда. Яна бир ногирон бола шифохонага олиб кетилган. Ҳаммаси бўлиб марказга оғир касалликларга эга 20 мигрант келтирилган.

“Биз лагердаги одамларга ёрдам бериш учун ҳар бир ҳодисага жавоб бермоқдамиз, зарур ёрдам ва маслаҳатлар бермоқяпмиз. Бироқ ҳозирги вазият шундайки, бу одамларда тиббий суғурта йўқ”, деб айтган марказ директори Беатриче Бернотене.

Аввалроқ Латвия, Литва ва Польша Беларусь билан чегарада ноқонуний миграция муаммосига дуч келганини маълум қилган.

27 сентябрда Беларусь президенти Александр Лукашенко Беларусь ва Европа Иттифоқи чегарасида мигрантлар билан юзага келган вазиятни гуманитар фалокат деб атаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид