Ўзбекистон | 11:54 / 29.09.2021
856
2 дақиқада ўқилади

Андижон бокс академияси ташкил этилади

Вилоятда шаклланган шонли анъаналарни янада ривожлантириш мақсадида Андижон бокс академияси ташкил этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Тошмуҳаммад Саримсоқовнинг номини барчамиз яхши биламиз.

Тошмуҳаммад домла топология ва функционал анализ бўйича Тошкент илмий мактабининг асосчиси, юзлаб шогирдларнинг устози эдилар. Халқимиз у кишининг ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Фанлар академияси, олий таълим вазирлигида раҳбар лавозимларида меҳнат қилиб, республикамиз тараққиёти йўлидаги улкан хизматларини ҳеч қачон унутмайди. 

Фидойи олимнинг илмий меросини чуқур ўрганиш ва хотирасини абадийлаштириш мақсадида, жумладан, “Саримсоқов ўқишлари”ни йўлга қўйсак, Андижон давлат университетининг иқтидорли талабалари учун олим номидаги стипендиялар ташкил этсак, олим хотирасига атаб, у киши туғилган Шаҳрихон туманида Тошмуҳаммад Саримсоқов номидаги аниқ фанларга ихтисослашган мактаб барпо этсак ва ёдгорлик ўрнатсак, ўйлайманки, ҳар томонлама адолатли иш бўлади.  

Маълумки, Андижон – кураги ерга тегмаган полвонлар, бутун дунёга танилган моҳир спортчилар юртидир. Айниқса, Андижон бокс мактабининг ёрқин вакиллари бўлган, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ҳасанбой Дўстматов, Иқболжон Холдоров, Жасурбек Латипов сингари ўнлаб машҳур спортчилар, Марс Қўчқоров, Александр Размахов, Валентин Золотарёв каби юксак малакали мураббийларнинг номлари ҳаммамизга яхши таниш. 

Вилоятда шаклланган шонли анъаналарни янада ривожлантириш мақсадида Андижон бокс академиясини ташкил этсак, айни муддао бўлади. Бу академия – мен бунга ишонаман – юртимизни бокс бўйича чемпионлар мамлакатига айлантиришга катта ҳисса қўшади”, деди президентликка номзод.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид