Ўзбекистон | 13:33 / 29.09.2021
3072
2 дақиқада ўқилади

Андижонлик ишбилармонлар иштирокида «Тадбиркорлар кенгаши» ташкил этилади

Катта натижаларга эришган андижонлик ишбилармонлар иштирокида “Тадбиркорлар кенгаши” ташкил этилади. Кенгаш вилоятда бу соҳадаги муаммо ва таклифларни тизимлаштиради ва кўриб чиқиш учун вилоят ҳокимига киритади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Ушбу кенгаш Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлардаги шу каби тузилмалар билан доимий алоқалар ўрнатади ҳамда улар иштирокида ҳар йили “Ҳудудлараро тадбиркорлар форуми” ўтказилиши йўлга қўйилади.

Андижон вилоятида инвестиция ва экспорт йўналишларида янги тизим жорий қиламиз. Мисол учун, Марҳамат туманида қурилиш материаллари, тўқимачилик, ипакчилик, чарм-пойабзал ва бошқа тармоқларни ривожлантириш учун етарли имкониятлар мавжуд. Шунинг учун, туман ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари қошида истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқувчи “Лойиҳа гуруҳи” ва кичик геология экспедицияси ташкил қилинади. Таҳлиллар натижаларидан келиб чиқиб, “Лойиҳа гуруҳи” томонидан лойиҳалар тайёрланади ҳамда ушбу туманнинг тадбиркорлари иштирокида ташкил қилинадиган “Холдинг компанияси” томонидан амалга оширилиши таъминланади.

Бунда, Тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси мазкур лойиҳаларнинг 30 фоизигача қисмини молиялаштиради. Ушбу янги тизимни самарали ташкил қилиш учун жамғарма ҳар бир туманга йилига ўртача 15 миллион долларлик маблағлар ажратади.

Умуман олганда, келгуси беш йилда вилоятда 8 миллиард доллардан зиёд 4,5 мингта инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Вилоят саноатининг етакчи соҳаси ҳисобланган тўқимачилик тармоғида қиймати 3 миллиард долларлик 1 минг 300 та лойиҳа ишга туширилиб, 90 мингта доимий иш ўринлари ташкил этилади. Бунинг натижасида, экспорт ҳажми 4 баробарга оширилиб, йилига ҳозирги 430 миллион доллардан 1,7 миллиард долларга етказилади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид