Жаҳон | 00:22 / 02.10.2021
36601
6 дақиқада ўқилади

Табассум билан қамоқхонага. Саакашвили қўлга олинди, у 6 йилга қамалиши мумкин

Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили ўз мамлакатида қидирувга берилгани ва қўлга олиниши аниқ бўлишига қарамай, ватанига қайтди. Ҳукумат собиқ президент мамлакатга келганини рад этиб турганди ва бирдан унинг қўлга олингани эълон қилинди.

Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвилининг айтишича, собиқ президент «олий даражадаги» операция натижасида қўлга олинган. Унинг айтишича, Саакашвилининг Украинадан бошлаб қайси йўналишда ҳаракатланиши Грузия махсус кучлари назоратида бўлган ва улар етарлича маълумотлар асосида ҳаракат режасини ишлаб чиққан.

8 йил давомида ватанидан олисда бўлган Саакашвили 1 октябр тонгида ўзининг фейсбукдаги саҳифасида видео жойлаб, айни дамда Батумида эканини айтди. Бу видеога ишонмаганлар ҳам бўлди. Масалан, мамлакатдаги ҳукмрон партия ҳисобланган «Грузия орзуси» партияси раиси Ираклий Кобахидзе Саакашвилини масхарабоз деб атади ва у жойлаган видео бошқа мамлакатда суратга олинганини иддао қилди.

Грузин реформаторини масхарабоз деб атаганлар яна топилади. Кремль расмий позициясини билдирувчи Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Саакашвили Грузияга боргани ҳақидаги саволга шундай жавоб берди: «Саакашвили бор жойда албатта цирк бўлади». Рус ОАВси Саакашвилини қора бўёқда кўрсатишда давом этмоқда. Масалан, у жойлаган видео ҳақиқий эмаслиги ҳақида эксперт хулосалари ҳам эълон қилинди.

«Бу гўзалликни сиз учун қурганман, сайёҳлар учун эмас»

Саакашвили тарафдорларига мурожаатини айнан Батумидан амалга оширди: «Салом қадрдонларим. Сизларга менинг ғурурим бўлган Батумидан салом йўллаяпман. Мен бу ерга ҳаётимни таваккалга қўйиб келдим. Умидларим катта, ишончим комил, Грузиянинг имкониятлари кенг. Бу гўзалликни хорижий сайёҳлар учун эмас, сиз учун қурганман. Овоз беришдан кейин Руставели проспектида йиғиламиз. Мустақиллик майдони биз билан тўла бўлиши керак. Биз катта куч бўламиз ва мен сизларга қўшиламан», деганди Грузия собиқ президенти ўз мурожаатида.

Саакашвили Киевдан Тбилисига самолётда учиши ва 2 октябр куни Грузия пойтахтида бўлиши ҳақида 27 сентябр куни маълум қилганди. Бироқ у аввал Батумида кўриниш берганига қараганда мамлакатга денгиз йўли орқали келган бўлиши ҳам мумкин. Қизиғи, Грузия ички ишлар вазирлиги Саакашвили мамлакатга кирганини рад қилиш асносида бу борада Украинадан ҳам ишончли маълум олинганини эълон қилганди: «Бизда Украинадан ҳам у мамлакатни тарк этмагани ҳақида ишончли маълумот бор», деганди Грузия ИИВ вакили «Интерфакс» мухбири билан суҳбатда.

Саакашвили нега қайтди?

Узоқ йиллардан буён Украинада бўлиб турган ва Одесса губернатори лавозимида ҳам ишлаган Саакашвили собиқ президент Порошенко билан келиша олмай, ишсиз қолганди. Аммо ўзи каби ислоҳотчи ўлароқ ҳукумат тепасига келган Владимир Зеленский уни яна ҳукуматга қайтарди. Саакашвили Украинада Миллий ислоҳотлар кенгаши ижроия қўмитасининг раҳбари бўлиб ишлаётганди. У ватанига 2 октябр куни ўтажак сайловлар натижасини ҳимоя қилиш учун қайтишини айтган. Сиёсатчи овоз бериш натижалари тугагач, Тбилисига томон пиёда марш ўтказишни режалаштирган ва шу орқали одамларни сайлов натижаларини ҳимоя қилишга ундаган.

Аввалроқ Саакашвили мамлакатга қайтиши билан қамоққа олиниши эълон қилинганди. 8 йилдан буён мамлакатдан ташқарида бўлган собиқ президент Грузияда қидирувда ҳам бўлган. Маҳаллий нашрлар унинг қўлга олиниши тасвирланган кадрларни намойиш қилди. Оқ свитердаги Саакашвили икки полиция зобити ҳамроҳлигида табассум билан қамоқхонага кириб кетган. Атрофда кўплаб журналистлар бўлган ва кадрлардан уларнинг фаолиятига ҳеч ким қаршилик қилмётгани кўринади.

Саакашвили мамлакатга қайтиши фонида Грузияда саросима бошланди. Батумига зирҳли техникалар юборилгани тасвирланган видеолар талқалди. Шунингдек, Саакашвили тарафдорларидан уни қўлга олишларига йўл қўймаслик учун давор бўлиб ҳаракатланишларини сўрагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Сиёсатчи қўлга олингач эса у ҳақидаги хабарлар янада кўпайди. Украина президенти Владимир Зеленский Саакашвили қўлга олинганидан хавотирда эканини маълум қилди. Унинг вакили Украина бу борада Грузияга муражаат қилишини ҳам айтди. Кейинроқ Украинадаги Грузия элчиси Саакашвилининг қўлга олинганини расман тасдиқлаши учун Украина ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди.

Саакашвили афтидан қўлга олинишини билган кўринади. Унинг қўлга олинишидан ҳеч қанча ўтмай Facebook'даги саҳифасида иккита видеомурожаат чиқди. Улардан бирида сиёсатчи украиналик депутат Елизавета Яско билан бирга эканини ва у билан янги ҳаёт, янги оила қуришини маълум қилган. Постда видео Саакашвилининг қўлга олиниши муносабати билан жойлангани айтилган.

Грузия прокуратураси Саакашвили камида 6 йил қамоқ жазоси олишини маълум қилди. Мамлакат президенти эса Саакашвили кечирилмаслигини айтди. Бу вақтда АҚШ Грузия ҳукумати Саакашвилига нисбатан қонун доирасида ҳаракат қилишидан умидвор эканини билдирди.

Мавзуга оид