Ўзбекистон | 20:39 / 06.10.2021
8637
4 дақиқада ўқилади

Чўлпон асос солган 103 йиллик журнал қайта тикланди

«Ўзбекистон матбуоти» илмий-марифий журнали 2017 йилда иқтисодий қийинчиликлар сабаб ўз фаолиятини тўхтатганди.

Фото: Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси

6 октябрь куни Миллий матбуот марказида 103 йиллик тарихга эга ва 2021 йилдан қайта нашр этила бошлаган «Ўзбекистон матбуоти» журналининг илк сони тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

 «Ўзбекистон матбуоти» журнали 1918 йилда «Туркистон матбаачиси» номи билан нашр қилина бошланган. Маърифатпарвар адиб Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон унинг асосчиларидан бири ҳисобланади.

Журнал иқтисодий ночорлиги сабаб 2017 йили ўз фаолиятини тўхтатган. 2021 йил ўзининг 103 йиллигида эса журнал Журналистлар ижодий уюшмаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Барқарор ривожланиш маркази ва «AQUA TRIO» МЖЧ ташаббуси билан қайта нашр этила бошлади.

Тадбирда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ўзбек матбуоти «отахон» нашрининг қайта нашр этилиши аҳамияти ҳақида гапирди.

Олимжон Ўсаров
Фото: Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси

«Бу журнал миллий медиамаконимизда ўз ўрнига эга, журналист кадрлар тайёрлашда, малакасини оширишда, соҳадаги тадқиқотларни ёритишда энг муҳим манба бўлганини барчамиз яхши эслаймиз. Журналнинг ҳар бир янги сони журналистлар томонидан интиқлик билан кутилганини ҳам бежиз эмас.

Журнал саҳифаларида, анъанага мувофиқ, ҳар доим матбуот (газета-журналлар), ноширлик иши, телерадио ва интернет журналистикаси билан боғлиқ материалларга, тадқиқотларга кенг ўрин берилади. Журналистик фаолият таҳлил қилинади. Публицистик асарларни, чуқур аналитикага асосланган материалларни бериб борилади», – деди у.

Олимжон Ўсаровга кўра, журнал илмий-маърифий нашр ҳисобланади. Шу боисдан Олий Аттестация Комиссияси рўйхатига киритилиб, унга филология йўналиши бўйича илмий журнал ваколати берилган.

Тақдимот давомида журналнинг жамоатчилик асосидаги бош муҳаррири Нодира Абдуллаева ҳам сўз олди ва нашрдан чиққан журналнинг илк сони ҳамда таҳририятнинг келгусидаги режалари ҳақида гапирди.

Нодира Абдуллаева
Фото: Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси

«Журнал фақат журналистика билан чекланиб қолмайди. Ўзбекистон матбуоти бу – фақат журналистика эмас. Журналда жамият ҳаётидаги сиёсий-иқтисодий, ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий, тарихий-маданий ва бошқа барча жараёнлар ўз аксини топган ва бундан кейин ҳам ана шу тамойил асосида фаолият юритамиз. 

Биз у орқали ахборот улашамиз, демак, муҳим ва жўяли хабарлар берилади. Шунингдек, таҳлил қиламиз, долзарб мавзулар таҳлилига бағишланган аналитик мақолаларга кенг ўрин берилади. Муносабат ҳам билдирамиз, муносабатларни ўрганамиз, жамоатчилик билан ва ҳамкасбларимиз билан ўзаро мулоқот қиламиз», – Нодира Абдуллаева.

Журнал таҳририяти жамоасига кўра, «Ўзбекистон Матбуоти» 1 ойда бир маротаба чоп этилади. Унда эълон қилинган илмий-марифий, таҳлилий мақолалар муаллифларига эса таҳририят имкониятидан келиб чиқиб, гонорар ҳам тўланиши мумкин.

 Тадбирда ёши улуғ журналистлар ва тадбир меҳмонлари «Ўзбекистон матбуоти» журнали нафақат журналистлар, балки барча соҳа вакиллари, зиёлилар ва жамоатчилик учун муносиб минбар бўлишига тилак билдиришди. 

Мавзуга оид