Ўзбекистон | 16:34 / 06.03.2024
7384
3 дақиқада ўқилади

“Муштум” журнали фаолияти вақтинча тўхтатилди

Таҳририят бунга иқтисодий қийинчиликлар сабаб бўлганини билдирган. 101 йилдан бери нашр қилиб келинаётган журнал ўтган даврда икки марта – Иккинчи жаҳон уруши туфайли 1941−1951 йилларда ҳамда коронавирус пандемиясида вақтинча тўхтатиб турилган.

“Муштум” журнали ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда журналнинг Telegram’даги расмий каналида эълон қолдирилди.

Эълонда журнал фаолиятининг вақтинча тўхтатилишига иқтисодий қийинчиликлар сабаб бўлгани айтилган.

1923 йилдан буён нашр қилиб келинаётган журналнинг фаолияти вақтинча тўхтатилгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Жумладан, журналист Шаҳноза Соатова “Муштум” журнали давлат муҳофазасига олиниши кераклиги ҳақида ёзди.

“Янги нашрлар очган яхши-ю, бироқ эскиларини бой берсак, жадид боболар ғояларига эҳтиром қайда қолади? “Муштум” бизнинг моддий-номоддий қадриятимиз, Абдулла Қодирийдан мерос нашр. Юз йиллик бренд десак ҳам бўлади. Уни давлат муҳофазасига олиш керак. Худди шундай “Туркистон”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Гулистон”, “Ёш куч” каби отахон нашрларни ҳам асраб қолиш керак. Янги нашрлар ўз тарихини нолдан бошлаб янги Ўзбекистоннинг мероси бўлиб қолаверсин. Эскиларга тегмайлик, асрайлик. Чунки тарихда нафақат “янги” бўлиб, балки “бузмаган, асраган ва авлодларга етказган” бўлиб қолиш ҳам муҳим”, дея фикр билдирган у.

Журналист Шуҳрат Шокиржонов эса “Муштум” журнали янги ташкил этилган “Жадид” газетаси таҳририяти қошида асраб қолиниши кераклигини билдирган.

“Газета.uz”нинг ёзишича, журнал бош муҳаррири Носиржон Тошматов таҳририятга берган интервюсида “Муштум” икки марта – Иккинчи жаҳон уруши туфайли 1941−1951 йилларда ҳамда коронавирус пандемиясида, иқтисодий қийинчиликлар сабабли вақтинча тўхтатиб турилганини маълум қилган. Орадан бир йил ўтиб, 2021 йилдан эса журнал яна чиқа бошлаган.

Маълумот учун, “Муштум” журналига 1923 йилнинг 18 февралида Абдулла Қодирий ва Ғози Юнус томонидан асос солинган.

Мавзуга оид