Қамоққа олиб борган кутилмаган сафар – “Токио атиргули” ким эди?
Дунё тарихидаги октябр ойининг шов-шувли воқеаларидан бири АҚШга хиёнат қилганликда айбланган “Токио атиргули”нинг қамоққа олинишидир. Америкалик япон Ива Тогури II Жаҳон урушида радиоэшиттиришлари билан америкалик аскарларнинг руҳиятини туширганликда айбланиб, 1949 йил 6 октябрда қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
Ива Тогури 1916 йилнинг 4 июлида Лос Анжелесда япон оиласида туғилган. Унинг отаси ўша пайтда штатдаги катта савдо дўконига эгалик қиларди. 2 хил маданият таъсирида улғайган Ива болалигидан шифокор бўлишни орзу қилган. Бунга сабаб унинг онаси анча вақтдан бери қанд касали билан курашиб келарди. Қиз мактабни тамомлаб, АҚШдаги Калифорния университетининг зоология бўлимига ўқишга киради.
Қимматга тушган кутилмаган сафар
1941 йилда университетни битирган Ива тасодифан Японияга кетишга мажбур бўлади. Ўшанда Иванинг холаси бетоб бўлиб қолганди ва уни парвариш қиладиган киши йўқ эди. АҚШдан эркин фуқаро сифатида Японияга жўнаган Ива, орадан 8 йил ўтиб ватанига маҳбусдек қайтишини билмаганди.
Японияга келган Ива ўзини мамлакатга бегона ҳис қилишни бошлайди ва Америкага қайтиш учун йўл излайди. Шу ўртада 1942 йил Япония ва Америка ўртасидаги вазият жиддий тус олиб, японлар АҚШнинг Гаваи оролига ҳужум уюштиради. Бу – Иванинг АҚШга қайтишини яна ҳам қийинлаштиради. АҚШга Япониядан кетган сўнгги кема Ивасиз жўнайди.
Америкалик аскарларга қарши пропаганда дастури
Япония полицияси Ивадан япон фуқаролигини қабул қилишини ва япон императорига садоқат билан хизмат қилишини талаб қилади, бироқ Тогури буни рад этади. Натижада унга япон фуқароларига имтиёз тариқасида бериладиган озиқ-овқат картаси берилмайди. Холасининг қўшнилари уни Aмерика жосуси деб ўйлаб, Ивага тинчлик беришмагач, у бошқа жойга кўчишга мажбур бўлади.
Ива ҳам яшаш учун курашиши керак эди. Шу сабаб дастлаб инглиз тилида чиқариладиган газеталарга ишга киради, кейин Япония Миллий ахборот агентлиги — Domei’да иш бошлайди. Бу ерда у радиоэшиттиришларни қоғозга тушириш билан шуғулланади. Токио радиосида ишлаб юрган вақтларида Ивадан Жанубий-шарқий Осиёдаги Америка аскарлари учун кўнгилочар дастур “Zero Hour” эфирини олиб боришини сўрашади. “Zero Hour”нинг яширин мақсади америкалик аскарларнинг руҳиятини тушириш эди. Ива “Zero Hour”да 3 йил ишлаб, дастурнинг 340 сонини олиб боради. АҚШга қайтиш имкони бўлмагач, Тогури япон-португал йигити билан оила қуради.
Мухбирга алданган айбсиз айбдор
1945 йилда Япония Америкага таслим бўлади. Уруш тугагач, жуда кўп америкалик мухбирлар шов-шувли воқеаларни излаб, Японияга келади. 2 мухбир “Токио атиргули” номи билан машҳур бўлган инглиз тилида радиоэшиттиришларни олиб борган аёлларни излашади. “Cosmopolitan” журнали мухбирлари Гарри Брундиж ва халқаро янгиликлар хизмати Кларк Ли "Токио Атиргули" билан эксклюзив интервью қилишга киришадилар. Радио ходимларидан бири Ивани мухбирларга “Токио атиргули” деб таништиради. Мухбирлар Ивага интервью учун 250 доллар таклиф қилишади. Урушдан кейинги япон аҳoлисининг йиллик даромади эса 80 долларни ташкил қилади. Брундиж агар интервью эксклюзив бўладиган бўлса, 2000 доллар беришни айтади.
АҚШга қайтиш учун маблағга муҳтож Ива таклифни қабул қилади. Тогури билан интервью қилган журналистлар у ҳақида 17 варақли “Токио атургули” мақоласини ёзишади. Аммо “Cosmopolitan” журнали Брундижнинг мақоласини қабул қилмайди ва таҳририят Ивага таклиф қилинган пулни беролмаслигини айтади. Натижада мухбир Ивага пулни беришдан қутулиш йўлларини излайди. Ва Токиодаги Ёкоҳама Бунд меҳмонхонасида 100 нафар мухбирни тўплаб, матбуот анжумани ўтказади. Анжуманга америкалик генерал ҳам ташриф буюрганди. Мухбир генералга интервью матнини бериб, мана, АҚШга хиёнат қилган аёл деб Тогурини кўрсатади.
13 ҳафта давом этган суд
АҚШ полицияси радиоэшиттиришлари учун Ивани тергов қилишни бошлайди ва у 1 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бироз вақт ўтгач, далилларнинг камлиги сабаб Ива озод қилинди. Аммо бу Ивага иши батамом ёпилганини англатмасди. Уни АҚШга олиб келиб суд қилиш таклиф қилинади. 1949 йил 5 июлида Ивага нисбатан суд бошланади. Суд 13 ҳафта давом этиб, 75 минг долларга тушади. Бу ўша пайтгача бўлган АҚШдаги жиноий жавобгарлик суд харажатларидан анча кўп эди. Ива ишини 80 соат давомида кўриб чиққан ҳакамлар, 6 октябр куни уни 10 йилга ҳукм қилиб, 10 минг доллар жаримага тортишади.
Шарафли хотима
Ива 6 йилдан кейин 1956 йилда ўзининг яхши хулқ-атвори учун қамоқдан вақтли озод қилинади ва Чикагода яшаётган оиласи ёнига қайтади. Кейинчалик Ива оқланади. Ива 20 йил Чикагода штатсиз фуқаро бўлиб яшади. 1976 йилда АҚШнинг 38-президенти Ҳералд Форд Ивага узрнома жўнатади. 2006 йил 15 январда Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари қўмитаси Тогурига унинг чексиз руҳи, ватанга муҳаббати ва жасорати учун "Эдвард Ж. Ҳерлихи фуқаролик мукофоти"ни тақдим қилади. 2006 йил 26 сентябрда Ива Америка фуқароси бўлиб вафот этди.
Мавзуга оид
19:55 / 11.11.2024
Японияда Ишиба ҳукуматининг янги таркиби тасдиқланди
17:59 / 11.11.2024
Япониянинг асосий метеорологик сунъий йўлдоши ишдан чиқди
23:27 / 10.11.2024
Япония Ҳарбий-денгиз кучларига тегишли кемада ёнғин чиқди
20:03 / 08.11.2024