Жаҳон | 10:15 / 06.10.2021
7977
2 дақиқада ўқилади

Японияда кана чақиши орқали юқувчи номаълум вирус аниқланди

Япониянинг Хоккайдо оролида маҳаллий олимлар кана чақиши орқали юқиши ва безгакка олиб келиши мумкин бўлган номаълум вирусни аниқлашди. Вирус Йезо деб номланган.

Фото: Getty Images

Вирусни Хоккайдо университети мутахассислари аниқлашган. Вирус 2019 йилда 41 ёшли эркак ўрмонда сайр қилиш вақтида кана чақишидан кейин иситма ва оёқда оғриқ билан шифохонага ётқизилганда илк бор қайд қилинган.

Шундай симптомлар билан кечган иккинчи ҳолат эса 2020 йилда қайд қилинган. Таҳлиллар бемор ушбу ҳудудда учровчи каналар ташувчи фанга маълум вируслар билан эмас, балки номаълум вирус билан касалланганини кўрсатган. Иккала ҳолатда ҳам беморларда иситма ҳамда қонда тромбоцитлар ва лейкоцитлар миқдори пасайиши кузатилган.

Беморлар қони намуналаридан олинган вирусларнинг генетик таҳлили номаълум вирус найровируслар синфига кирувчи ортонаировируснинг янги тури эканини кўрсатган. Ортонаировируслар Қрим-Конго геморрагик безгаги, Найроби касаллиги вируслари кабиларни ўз ичига олади.

Шундан кейин олимлар охирги йилларда каналар чақишидан кейин организмида юқорида келтирилган каби аломатлар кузатилган яна бир нечта бемордан қон намуналари олишган.

Вирусолог Кейт Мацунонинг таъкидлашича, тадқиқотлар 2014 йилдан бери Японияда янги вирус билан камида 7 киши зарарланганини кўрсатган. Вирусдан ўлим ҳолатлари қайд қилинмаган. Таъкидланишича, вирус оролда кенг тарқалган учта кана турида аниқланган.

Олимларнинг айтишича, баъзи беморларда вирус юқишидан кейин буйраклар ишида бузилишлар кузатилган. Бундан ташқари, мутахассислар ёввойи ҳайвонлар, жумладан буғулар ва енотлар қон намуналарини ҳам текширишган. Таҳлиллар ушбу жонзотларда янги вирусга антитаначалар борлигини кўрсатган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид