Жамият | 19:40 / 09.10.2021
60456
16 дақиқада ўқилади

Савияси саёз миллий сериаллар. Ёмонликни кўрсатиб, яхшиликка ўргатиб бўладими?

Сериаллар ўзбекистонликлар азалдан энг кўп муҳокама қиладиган мавзулардан бири. Илгари хориж сериаллари миллий менталитетимизга, маънавиятимизга тўғри келмайди, деб бонг урардик. Бунга жавобан айрим хорижий сериаллар «қайчиланди», баъзилари тўлиғича эфирдан олиб ташланди. Гўёки шу билан муаммога вақтинчалик ечим топилди.

Вақт ўтиб, миллий сериалларни кўпроқ ишлаб чиқариш, эфирни ўзимизнинг маҳсулотларимиз билан бойитиш талаби қўйилди. «Milliy» телеканали асосчиси Комил Алламжонов шу каналда хориж сериаллари эфири тўхтатилишини эълон қилганидан сўнг бирин-кетин бошқа хусусий каналларда ҳам хориж сериаллари камая бошлади, ўрнини миллий сериаллар эгаллади.

Бу билан менталитетимизни ёт ғоялардан асрадик, гўёки. Аммо ички душман ҳам пайдо бўлдики, унга қарши курашишга хоҳишимиз бормикин? Бугунги кунда рейтинги баланд «ZO‘R TV», «Milliy» телеканалларида намойиш этилаётган бир нечта сериаллардан олинган парчалар ушбу мавзуни олиб чиқишимизга туртки бўлди.

Фаҳш, даюсликни очиқчасига олиб чиқаётган «ижодкорлар» қайси ғояни беришни мақсад қилишган? Уларни ким назорат қилади? Ўзи умуман сериаллар инсон онгостида қанчалик сақланиб қолади? Онгости дастури инсон хатти-ҳаракатига сингиб, унинг хатти-ҳаракатларида акс этиши мумкинми? Бу борада мутахассислар фикри билан қизиқдик.

«Ёмонликни кўрсатиб яхшиликка ўргатиб бўлмайди»

Психолог, психотерапевт Зебунисо Аҳмедова:

«Намойиш этилаётган сериаллар бир инсоннинг онгостига жойланаётган психологик дастурлардир. Буни психология тилида «нейролингвистик дастурлаш методи» деймиз. Агар бир инсон ҳаёти давомида нафратланадиган образни кўрмаган бўлса, бундай тоифадаги одам билан учрашмаган бўлса, у сериал орқали шу образ билан танишади. Кейин бу ҳам инсон, хавфли вазиятларда нима қилишни билмади, адашди, деб инсон шу образга ҳамдард бўлиб қолади. Бу танишувдан кейин дўстлашув пайдо бўлади, ундан кейин ҳамдардлик юзага келади. Сўнг инсон ўзи шунақа воқеа-ҳодисага дучор бўлганида, ҳамдард бўлган инсонининг хатти-ҳаракатини такрорлаш ҳолати пайдо бўлиши мумкин.

Тасаввур қилинг: бир илонни олиб келинг ва кимгадир чақтиринг. Кейин мана бу илон ва ундан қўрқиш керак, денг. Ваҳоланки, унинг ичига заҳар кириб бўлди, у ёки ўлади ёки танаси шикастланади. Сериалларда ҳам шунақа: сиз заҳарни едиряпсиз ва кейин кўрдингми, қанақа оғир бўлади, деган фикрни беряпсиз. Ўша инсоннинг фикрини шу ғоя билан тўлдиряпсиз. Шунақа ҳолатлар бўляпти, огоҳ бўлинглар, охири яхшилик билан тугамайди, деган гапни айтганнинг фойдаси йўқ. Психология яхшилик йўлини кўрсатиб, охири яхшилик билан тугашини кўрсатади.

Икки аёлнинг суҳбатига гувоҳ бўлдим. Улар фарзандлари қийналиб яшаши кераклиги, бу уларнинг келажаги учун яхши бўлишини уқтиришади. Савол туғилади: нима учун сиз фарзандингиз қийналиб, азобланиб, ўқиши ва ишлаши кераклигини хоҳлаяпсиз? Тасаввур қилинг: бола фақат яхшиликни кўриб ўсди. У ҳаётида ҳеч қачон ёмонликни қидирмайди. Унинг миясига киритилган дастур фақатгина яхшиликни қидиради ва унга интилади. Ёмонлик унга ёт тушунча, шунинг учун ундан узоқроқ юришни маъқул кўради. Ёмонликни кўрсатиб яхшиликка ундаб бўлмайди. Яхшиликни кўрсатиб, яхшилик ичида нафас олиш керак», дейди психолог.

«Санъат арзонлашиб кетяпти»

Муҳаббат Абдуллаева, Ўзбек Давлат драма театри актрисаси:

«Менга алам қиладигани шуки, санъат жудаям арзонлашиб кетяпти. Масалан, сериалларни олайлик. Томошабин улардан нимадир олиши кераклиги қизиқтирмаяпти, қўл учида тайёрланяпти. Бир сериалда рол ўйнадим. Режиссёр ўқимаган, устоз кўрмаган бир йигитни олиб келиб, қаҳрамонимнинг ўғли ролини берди. Уни танимайман, мен ҳам чиқай, деб илтимос қилиб келган.

У битта сериалда пул бериб чиқяпти, кейин ҳам киноларга пул бериб чиқаверадими? Майли, агар ичи тўлиб-тошган бўлса, уни тушуниш мумкин, лекин ундай эмас. Масалан, менда шундай қобилиятли шогирдларим бор, аммо уларни режиссёрларга берадиган пули йўқ.

Ўша сериалда рол ўйнаган йигит билан ишлашга, табиийки, қийналдим. Ичидан нимадир чиқармикин деб ижро давомида кўксига уриб ҳам кўрдим. Афсуски, ундан садо чиқмади, ўйнаган ролида умуман ифода йўқ. Шу жойини телевидениеда анонсга қўйишибди ҳам. Ҳар сафар кўрганимда уяламан. Афсуски, томошабинларимиз нимани берсангиз шуни «ҳазм қиларкан». Сериалчилар эса рейтинг оляпман, деб мақтанади.

Масалан, вилоятларда телевизордан бошқа танлов йўқ. Битта каналдаги сериални тугатиб, бошқасига ўтишади. Кечирасиз-у, кутубхонага борсангиз ҳамма китобларни ўқимайсиз, танлаб ўқийсиз ёки оддийгина овқатни ҳам танлаб ейсиз. Сериал томошаси ҳам шундай бўлиши керак. Телевидениеда фақатгина ўзбек миллий сериаллари намойиши тўғри қарор эмас, деб ўйлайман. Хориж сериаллари ўша халқнинг урф-одати, маданияти ҳақида маълумот беради. Томошабин дунёқараши кенгроқ бўлишига ҳисса қўшиш учун ҳам сериалларда ранг-баранглик бўлиши керак, деб ҳисоблайман.

Биз бир қолипда қолиб кетмаслигимиз зарур. Хориж сериаллари қандай шаклда олиняпти, мавзулари тўғри танланяптими, шуларни таҳлил қилиш учун ҳам хориж сериаллари эфири сақланиб қолиш керак», дейди актриса.

Сериаллардаги аёл образлари – хиёнаткор келин, фоҳиша, бақироқ қайнона...

Эътибор берганмисиз, бугунги кун миллий сериалларида хотин-қизлар қандай ролларда намоён бўлмоқда? Хиёнаткор келин, номуси топталган қиз, қамалган аёл, шаллақи хотин образлари яратилган сериаллар рейтинги анча баланд. Бу каби сериалларни кўргач, томошабин онгида нималар содир бўлади?

Гендер масалалари бўйича тадқиқотчи, ҳуқуқшунос Камола Алиева бу ҳақда ўз фикрларини билдирди:

«Агар олинаётган сериаллар инсон ҳуқуқларига дахл қилаётган бўлса, хусусан, хотин-қизлар ҳуқуқлари, уларга қарши зўравонликни тарғиб қилаётган ёки гендер стереотиплари: аёлларни анъанавий ролларда кўрсатиш, уларнинг қадр-қимматини камситишга, умуман, жинс бўйича билвосита ёки бевосита камситишга тарғиб қилаётган бўлса, бундай сериалларни эфирга узатиш тўғри бўлмайди.

Илмий ишим доирасида сўровнома ўтказганимда: ТВ орқали эфирга узатилаётган сериал, фильм, кўрсатув, рекламаларда гендер тенгсизлик, хотин-қизларга қарши зўравонлик, унга тоқат қилиш ёки гендер стереотипларини тарғиб қилиш масалалари борми, бунга фикрингиз қандай, деб савол берганимда, қатнашган 600 нафардан ортиқ респондентдан 44 фоизи «қўшиламан» жавобини белгилашган.

Видеомаҳсулотларда берилаётган ахборотни аудитория 2 хил кўринишда қабул қилиши мумкин. Биринчиси, шунақа муаммо бор экан, бу билан курашиш керак, деб хулоса қилади. Иккинчи тоифа одамлар ҳам борки, улар аёллар шунақа ёмон бўлиб кетяпти, қизларни қаттиқ ушлаш керак, хотинимни қаттиқроқ назоратга олишим керак, у хиёнат йўлига кириб кетиши мумкин ёки бесабрлик қилиб ҳаёт қийинчилигига чидамай кетиб қолиши мумкин экан, деган фикр шаклланади.

Ундан ташқари, аёлнинг вазифаси фақат уйда ўтириш, у шахс сифатида ривожланишга ҳаққи йўқ, каби ғоялар шаклланишига олиб келиши мумкин. Фикримча, ушбу тоифадаги сериалларни масс-медиа орқали узатиш масъулиятсизликдир. «Дайди қизнинг дафтари» асари асосида ишланган ва «Қора атиргул» сериалларининг айрим қисмларини кўрдим. Буларни кўрган одамларда турлича фикрлар шаклланади. «Дайди қизнинг дафтари» сериали ҳақидаги кўрсатувда бадиий раҳбар сериалда кўтарилаётган мавзудан мақсад жамиятдаги ушбу муаммоларни кўрсатиш ва шу иллатга йўлиқмасликка ундаш, деган фикрни айтди.

Лекин буни кўрган одам ҳар хил қабул қиляпти. Кимдир фаҳш йўлини муаммо сифатида кўряпти: бу йўлга аёллар ўз-ўзидан кириб қолмаганлиги, сабабларга кўра шу ҳолатга келганини тафаккур қилиб, тўғри қабул қилаётган инсонлар бор, афсуски, улар жуда кам. Айрим тоифа одамлар эса аёллар шунақа ёмон бўлиб кетяпти, фаҳш йўлига кириб кетяпти, деган фикрларни шакллантириб, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайишига, кейинчалик аёлларга нисбатан нафрат, ишончсизлик мустаҳкамланишига ҳисса қўшяпти.

Аҳад Қаюмнинг айтишича, «Сотилган номус», «Хиёнаткор келин» фильмларини суратга олганидан кейин мухлислари раҳмат айтиб, энди бундан кейин аёлини янада қаттиқроқ назорат қилишини айтган экан. Бу ҳақиқий фожиа. Аҳад Қаюм шунақа муносабатдан кейин қилаётган ишим тўғри экан, деб ўйлаяпти. Аслида, бу нотўғри. Бу бир оиладаги аёлнинг тазйиқ, зўравонлик остида қолиб кетишига туртки бўляпти.

«Дайди қизнинг дафтари» асарига ҳеч қандай эътирозим йўқ, аммо унинг экранлаштирилишига қаршиман. Кенг оммага тарқатиб, ёш боладан тортиб, катталаргача онгостида салбий фикрлар уйғотади. Танлов масаласига келсак, ҳар бир инсон ўз хоҳишига қараб фильмни кўриш-кўрмасликни ҳал қилади. Ҳозирги кунда кўп ҳолатларда одамлар сериаллар масаласида мустақил фикрга эга эмас, эргашиб кетиш ҳолати кўп бизда, яъни кўр-кўрона, таҳлил қилинмайди.

Юқоридаги сериалларда кўтарилган таъсирчан ҳолатлар ҳаётда содир бўлса, ҳатто судларда иш ёпиқ ҳолатда кўрилади, фильмларда эса улар оммага кенг кўрсатилмоқда. Чунки бу шахснинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари билан боғлиқ масала. Аҳад Қаюм билан суҳбатда бўлганимда, ушбу мавзуларни жиноий ишлардан асос қилиб олаётганини айтди. Бу реал ҳолатми ёки йўқ, билмайман. Лекин буни кенг оммага тақдим қилиш нотўғри. Ҳозирги пайтда, айниқса. Қачонки жамиятда ахборотга нисбатан кучли иммунитет шаклланса, бу мавзуларни олиб чиқиш керакдир. Лекин ҳозир ахборотни саралаш даражаси аудиторияда пастлигини инобатга олиб бу мавзуларни олиб чиқмаган маъқул», дейди ҳуқуқшунос тадқиқотчи.

Сериалларни ким назорат қилади?

«Ўзбектелефильм» ДУК бадиий кенгаши Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 12 июнда «Миллий сериал комплекс ижодий ишлаб чиқариш дастури тўғрисида»ги қарорига асосан иш олиб боришади. Ушбу дастурга мувофиқ, «Ўзбектелефильм» ички низом ишлаб чиққан. Унга кўра миллий сериаллар бадиий кенгашда муҳокама қилинади. Энг қизиғи шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори 2021 йил 22 февралида ўз кучини йўқотган. Бунга мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яратиш сабаб қилиб кўрсатилган ва бу ҳужжат аҳамиятини йўқотган. Кўриниб турибдики, давлат телеканаллари ички низом асосида ишлашади. Хусусий телеканалларда эса ички низом тугул бадиий кенгашнинг ўзи йўқ. Савия ҳам шунга яраша.

«Бадиий кенгашлар фаолияти қонуний тартибга солиниши керак»

Музаффар Эркинов. Режиссёр:

«Хусусий каналларда намойиш этилаётган сериаллар мени жудаям ташвишга солади. Рейтинг ошяпти, деб ахлоққа зид бўлган барча мавзуларни олиб чиқиш шарт эмас. Бир сериални кўриб дахшатган тушдим: ўгай ота қизга тегажоғлиқ қиляпти. Ўгай ота ролини ўйнаган актёрнинг ўзига ҳам бу ролларни ўйнаб нима қиласан, деб дакки бердим. Рол беришди, ўйнадим, шундай мавзуларнинг рейтинги баланд-ку, деб жавоб берди. У бу роли жамиятда қанақа салбий оқибатлар олиб келишини тушунмаяпти.

Хорижий сериалларни чеклаш, эфирни фақат миллий сериалларга бериш тўғри ечим эмас. Ҳар бир телеканал қошида бадиий кенгаш ташкил қилиниши, хорижий сериалларни ҳам кенгаш кўриб чиқиши керак. Бадиий кенгаш зиёли қатлам вакилларидан иборат бўлиш керак. Телеканаллар қошида бадиий кенгашлар фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжат бўлиши керак. Бу бўйича ҳуқуқий ишлаб чиқилгани ҳақида эшитгандим, аммо уни қўлланилаётганини амалда кўрмадим», дейди режиссёр.

Муаммога ечим борми?

Гендер масалалари бўйича тадқиқотчи, ҳуқуқшунос Камола Алиева:

«ОАВ маълум медиамаҳсулотни эфирга узатаётганда ижтимоий масъулиятни сезиши керак. Уларнинг кучи қанчалик эканлигини биламиз ва кучдан тўғри фойдаланишимиз зарур. Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси Масс-медиа маҳсулотлари гендер экспертизадан ўтказилмаётганлиги масаласи, хотин-қизларни фақат анъанавий ролларда намойиш қилиш, умуман, зўравонликни тарғиб қилувчи фильм, сериаллар, кўрсатувлар эфирга узатилаётгани масаласи кўтарилган ва унинг ечими сифатида гендер экспертизасини ўтказиш кўрсатилган. Бунда ОАВ ходимларини ўқитиш вазифаси ҳам қўйилган.

Ҳозир телеканаллар ишлаб чиқараётган сериаллар ўрнига бошқа турдагиларини суратга олиб, жамият муаммоларига ечимларни таклиф қилса бўлади. Масалан, олима, спортчи аёллар, тарихий персонажлар, ўз касбида муваффақиятга эришган аёл сифатида экранга олиб чиқиш мумкин. Хотин-қизларни фақат салбий образда эмас, балки ҳаётда қийинчилик кўриб, уни енгган, ўз устида ишлаб, маълум муваффақиятга эришган аёллар образи фильм, сериалларга олиб чиқилса яхши бўларди.

Яна Аҳад Қаюм фильм, сериаллари ҳақида гапирмоқчиман. У шундай деганди: «Бизни танқид қилувчилар кўп, лекин бизга маслаҳат берадиган, мана шу нарса нотўғри, дейдиган мутахассислар йўқ». Тўғри, ҳақиқатан мутахассислар йўқдир. Мутахассисларни ўқитиш керак. Қўшимча қилишича, ҳар бир телеканал қошида бадиий кенгашлар бор, айнан улар сериални экспертизадан ўтказишади. Уларнинг ўзи билан ишлаш керак, уларнинг ўзини ўқитиш керакдир, балки.  Бадиий кенгашлар фаолиятини тартибга солиш ва ОАВ маҳсулотларини гендер экспертизадан ўтказишни цензура билан боғлашяпти. Цензура билан гендер эскпертизанинг фарқи бор», дейди ҳуқуқшунос.

Психолог, психотерапевт Зебунисо Аҳмедова:

«Инсон ўзини хавфдан асраши учун биринчи ўринда ёмонликка эътиборини қаратади, ўзини хавфдан асрашни биринчи ўринга қўяди, чунки хавфдан сақланса, яшаб қолади, шунинг учун хавфли вазиятни тарғиб қилувчи фильм, сериаллар кучлироқ ҳиссиёт беради. Нима қилсак бўлади? Аввало, фарзандларимизнинг ҳар бир ёшига мос масс-медиа маҳсулотлари бўлиши керак.

Мен ўсмирлар учун ишланган фильмларни кўрмаяпман. Қайнона уриши, эр хотинига кўл кўтариши каби бир хил саҳналар, образлар. Масалан, тирик афсона, гимнастикачи Оксана Чусовитина образи нима учун фильм қилинмайди? У 8 маротаба Олимпия ўйинларида қатнашишга ўзида қандай куч топди, унинг муваффақият йўли ҳақида фильм олинса бўлади-ку.

Бизда психологияни ҳисобга олган ҳолда фильм, сериаллар ишлаб чиқаришмайди. Хорижда фильм ишланаётганда психологлар ёрдамидан фойдаланишади, ҳар бир фильмнинг психологик хулосаси бўлади. Фильм ва сериал ижодкорларига айтадиган гапим шуки, рейтинг ёки «просмотр»га қараб халқнинг талаби шу экан, деб бўлмайди. Фильм қанчалик кўп кўрилса, одамнинг кўрмаган нарсасига қизиқишидан далолатдир».

Лоқайд бўлмайлик

Мен сериал кўрмайман, менга мавзунинг алоқаси йўқ, дейдиганлар адашади. Ҳеч бўлмаганда яқинларингиздан бири телевизор томоша қилади. Ўзбекистонда телевизор етиб бормаган уйнинг ўзи қолмади ҳисоб. Миллий сериаллардаги ёт тарғиботлар миллионлаб инсонларга акс таъсир бермасидан олдин кўзимизни очайлик.

Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳаммаджон Ғаниев.

Мавзуга оид