Ўзбекистон | 14:28 / 12.10.2021
664
3 дақиқада ўқилади

Бухоро шаҳри ҳудуди атрофдаги туманлар ҳисобидан кенгайтирилади

Бухорода бугунги кунда 10 мингдан зиёд оила яшаш шароитларини яхшилашга муҳтож. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Фото: Advantour

“Ҳар йили 16 мингдан зиёд янги оила қурилмоқда. Шу боис, келгуси беш йилда 20 мингдан ортиқ хонадонли уй-жойлар қурилади. 

Жорий йилдан бошлаб, “Боғдод тажрибаси” асосида уй-жойлар, ишлаб чиқариш, саноат ва ижтимоий инфраструктура объектларини ўз ичига олган Янги Ўзбекистон массивлари барпо этилади. Биринчи босқичда вилоятнинг Ғиждувон ва Бухоро туманларида, иккинчи босқичда Ромитан, Вобкент, Когон ва Қоракўл туманларида қурилишлар амалга оширилади. Бунда эҳтиёжманд оилаларга бошланғич ва фоиз тўловлари учун, йилига 120 миллиард сўм субсидия ажратилади.

Бухоро шаҳри ҳудуди атроф туманлари ҳисобидан 3,5 минг гектарга кенгаяди. Вилоятдаги 620 та кўп квартирали уйлар таъмирланади ва шу орқали 146 минг нафар аҳолининг турмуш шароити яхшиланади.

Бухоро учун энг долзарб бўлган аҳолини марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминлаш қамрови ҳозирги 62 фоиздан камида 90 фоизга етказилади. Бунга 600 миллион доллар жалб қилиниб, 2 минг километр ичимлик суви, 600 километр канализация тармоғи, 110 та сув иншоотлари қурилади ва таъмирланади. Энг муҳими, 700 мингдан зиёд аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланади, 165 мингдан зиёд аҳолининг оқова сув хизматини яхшилашга эришилади.

Бухоро вилояти аҳолиси мурожаатлари ичида йўлларни таъмирлаш масаласи энг долзарб ўринларда туради. Шу боис, кейинги беш йилда 3,5 минг километр автомобиль йўллари ва ички кўчалар, 412 та кўприкни қуриш-таъмирлаш учун қарийб 3,5 триллион сўм йўналтирилади.

Шунингдек, 6 минг километр электр тармоқлари ва 1,5 минг дона трансформатор янгидан қурилади ва таъмирланиб, 334 та маҳалла аҳолисининг электр таъминоти яхшиланади. Бу ўтган беш йилга нисбатан икки баробар кўп. 

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида келгуси беш йилда 130 та қишлоқ ва маҳаллада кенг кўламли ободонлаштириш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, бунга 1,2 триллион сўм маблағ йўналтирилади”, деди президентликка номзод.

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид