Ўзбекистон | 13:25 / 12.10.2021
530
2 дақиқада ўқилади

Бухоро шаҳрида Абдурауф Фитрат номидаги ижод мактаби ташкил этилади

Фото: Миллий масс-медиа фонди

Абдурауф Фитрат чет элга жўнаб кетаётган талабаларни Самарқанддаги Амир Темур мақбараси олдида ватан манфаатларига содиқ бўлиш ҳақида қасамёд қилдирган. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти сайловчилари билан учрашувида айтиб ўтди. 

“Ғоят қийин ва оғир даврларда ҳам эзгулик байроғини баланд кўтариб майдонга чиққан бухоролик Аҳмад Дониш, Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний, Файзулла Хўжаев, Абдувоҳид Бурҳонов сингари фидойи зотлар эл-юрт дарди ва тақдирини ўйлаб яшаган буюк инсонлар эди.

Айниқса, Туркистон жадидчилик ҳаракатининг доҳийларидан бўлган арбоб ва адиб, биринчи ўзбек профессори Абдурауф Фитратнинг бу борадаги хизматлари таҳсинга сазовордир. 

Ўтган асрнинг 20-йилларида туркистонлик 70 нафар йигит-қизни Германияга ўқишга юборишда бу улуғ сиймонинг қандай катта роль ўйнаганини сизлар албатта яхши биласиз. Фитрат чет элга жўнаб кетаётган талабаларни Самарқанддаги Амир Темур мақбараси олдида Ватан манфаатларига содиқ бўлиш ҳақида қасамёд қилдиради. Қаранг, қандай ватанпарварлик, фидойилик намунаси бу!

Улуғ алломанинг она тилимиз, тарих ва мусиқа соҳаларини ривожлантиришдаги беқиёс хизматларини эътиборга олиб, Бухоро шаҳрида Абдурауф Фитрат номидаги ўзбек тили ва хорижий тилларни ўқитишга ихтисослашган ижод мактаби барпо этсак, нима дейсизлар?

Ўзбек халқининг яна бир буюк фарзанди, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Файзулла Хўжаевнинг эзгу ишларини эл-юртимизда билмайдиган инсон топилмайди, албатта. Ниҳоятда мураккаб ва суронли йилларда у дастлаб тўрт йил Бухоро жумҳуриятига, кейин 13 йил Ўзбекистон ҳукуматига раислик қилган. Афсуски, шундай улуғ инсон 1938 йили қатағон қурбони бўлган. Бир пайтлар Бухоро шаҳрида ташкил этилган ёдгорлик мажмуасини “Файзулла Хўжаев уй-музейи” деб қайта номлаб, унинг янги экспозициясини яратсак, бу ҳам адолатдан бўлади”, деди президентликка номзод.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид