Жаҳон | 18:35 / 12.10.2021
39323
4 дақиқада ўқилади

Ироқ разведкаси ИШИДнинг «бош ҳисобчиси»ни тутди. АҚШ унинг учун 5 млн доллар мукофот ваъда қилганди

Ироқ махсус хизматлари Сами Жасим ал-Жабурий қўлга олингани ҳақида маълум қилди. Ўтмишда у ИШИД иерархиясидаги иккинчи рақамли шахс бўлган.

Фото: IRAQ SECURITY MEDIA CELL

Ҳожи Ҳамид номи билан ҳам машҳур бўлган ва гуруҳнинг молиявий ишлари билан шуғулланган Жасим қўлга олинганини мамлакат бош вазири Мустафо ал-Козимий маълум қилди.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, Жасим Ироқ разведкаси томонидан ўтказилган халқаро амалиёт чоғида қўлга туширилган. Бу амалиёт айнан қайси мамлакат ҳудудида бўлиб ўтганига аниқлик киритилмади.

Ҳожи Ҳамид учун АҚШ ҳукумати 5 млн доллар миқдорида мукофот эълон қилганди.

ФҚБ маълумотларига кўра, Жасим бюджетни ИШИД аъзолари амалга оширган терактлар учун тақсимлашдан ташқари нефть, газ, қазилма бойликлар ва антиквариат молларнинг савдоси билан ҳам шуғулланган.

Жасимнинг тутилишининг аҳамияти Ироқ хавфсизлик хизмати учун у ИШИД учун алмаштириб бўлмас мутахассис эканида эмас. Унинг ўрнига тез орада бошқа одам топилиши табиий.

BBC’нинг мудофаа масалалари бўйича корреспонденти Фрэнк Гарднернинг сўзларига кўра, бу ерда энг муҳими - унда гуруҳ ҳақида, жумладан яқин вақтлар ичида режалаштирилган ҳужумлар ҳақида кўп миқдордаги муҳим маълумотлар борлигидир.

Ироқ махсус кучлари матбуот хизмати қўлга олинган шахс Абу Бакр ал-Бағдодий ўрнига ташкилотга раҳбарлик қилаётган Амир Муҳаммад Саид Абдул Раҳмон ал-Мавлийнинг яқин кишиларидан ҳисобланган.

2019 йил октябри охирида америкалик ҳарбийлар Суриянинг Идлиб вилоятидаги ал-Бағдодий яширинган виллага рейд ўтказганди. Унинг қўриқчилари йўқ қилинган, ўзи ҳам қочиш вақтида отиб ташланганди.

«Франс пресс» маълумотига кўра, Ироқ разведкаси Жасимни Туркияда қўлга туширган. Туркия ҳукумати Бағдоддагилар бу ҳақдаги баёноти юзасидан муносабат билдирмади.

Сентябрь ойи ўрталарида Франция президенти Эммануэль Макрон француз ҳарбийлари Ғарбий Саҳройи Кабир ҳудудида ИШИДнинг юқори мартабали раҳбарларидан яна бири Аднан Абу Волид ал-Саҳроийни йўқ қилишгани ҳақида маълум қилганди.

Фото: AP Photo/Abdullah Sahil

Ал-Саҳроий ўз гуруҳини 2015 йилда ташкил этган. Бу гуруҳ раҳбариятида ундан ташқари ИШИДнинг асосий раҳнамолари - Абу Бакр ал-Бағдодий ва Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайший ҳам бўлган.

ИШИД халифалиги қайсидир паллада Ироқ шарқидан Сурия ғарбигача бўлган ҳудудларда 88 минг квадрат километр майдонда ҳукмронлик қилади. Террорчилар ҳукмронлиги остидаги аҳоли сони саккиз миллион киши атрофида бўлган.

2017 ва 2018 йилларда ИШИД жанг майдонларида тор-мор этилади, аввалига Ироқда, кейин Сурияда ташкилот ўз таъсирига олган ҳудудларини бой беради. Аммо гуруҳ шундан кейин ҳам дунё бўйлаб уюштирилган турли ҳужумлар учун жавобгарликни зиммасига олиб келмоқда. Хусусан, сўнгги вақтларда Афғонистонда содир этилган икки йирик теракт ҳам ушбу гуруҳ таъсиридаги террорчилар томонидан содир этилгани маълум қилинган, август ойи охирида эвакуация жараёни вақтида Кобулдаги аэропорт яқинида содир этилган портлаш 200га яқин кишини ҳаётдан олиб кетди, октябрь ойи бошида Афғонистоннинг Қундуз шаҳридаги шиалар масжидида жума намози вақтидаги теракт туфайли камида 50 киши ҳалок бўлган.

БМТнинг яқинда эълон қилган ҳисоботида айтилишича, ИШИДнинг асосий кучлари яна Ироқ ва Сурияда Амир ал-Мавлий раҳбарлигида тўпланмоқда. Африка, Афғонистон ва Жанубий-шарқий Осиё мамлакатларида янги ҳужумлар амалга оширилиши мумкинлиги айтилган.

Мавзуга оид