Ўзбекистон | 08:00 / 15.10.2021
4699
2 дақиқада ўқилади

«Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритилди

«Баҳолаш фаолияти тўғрисида» ва «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Уларда мазкур фаолият турларини лицензиялаш тўғрисидаги нормалар чиқариб ташланди. Баҳоловчи ташкилот ва баҳоловчи, риэлторлик ташкилоти ва риэлтор тушунчалари берилди.

Фото: Shutterstock

Баҳоловчи ташкилот - баҳолаш фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс. Баҳоловчи - белгиланган тартибда ваколатли орган томонидан берилган баҳоловчининг малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс. Уни бериш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Риэлторлик ташкилоти - риэлторлик фаолиятини қонунда белгиланган тартибда амалга оширадиган тижорат ташкилоти. Риэлтор - якка тартибдаги тадбиркор мақомига, малака сертификатига эга бўлган ва риэлторлик фаолиятини қонунда белгиланган тартибда амалга оширадиган шахс.

Белгиланишича, баҳоловчи ташкилот баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмаларидан бирига аъзо бўлиши, риэлторлик ташкилоти эса - риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмаларидан бирига аъзо бўлиши шарт.

Қонунлар баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмалари ва риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари тушунчалари берилган нормалар билан тўлдирилди, уларнинг ваколати ва бошқарув органлари белгиланди.

Баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмалари/риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари камида 50 та баҳоловчи/риэлторлик ташкилотининг ва риэлторнинг аъзолигига асосланган, баҳоловчиларнинг/риэлторларнинг профессионал даражасини оширишга ва сақлаб туришга кўмаклашиш, уларнинг профессионал манфаатларини ҳимоя қилиш, шу жумладан судларда ҳимоя қилиш мақсадида фаолият юритувчи ННТдир.

Баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмалари/риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари раҳбарлари ва ходимлари: баҳоловчи/риэлторлик ташкилоти таъсисчилари бўлишга; баҳоловчи/риэлторлик ташкилотида ишлашга ёки риэлтор сифатида иш юритишга; баҳоловчи/риэлторлик ташкилоти билан ФҲШлар тузишга; раҳбарларга, баҳоловчиларга/риэлторларга ёки баҳоловчи/риэлторлик ташкилотлари бошқа ходимларига нисбатан аффилланган шахс бўлишга ҳақли эмас.
 
Баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмаси/риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмаси аъзоларининг умумий йиғилиши ушбу жамоат бирлашмасининг юқори органидир ва ушбу йиғилиш камида 5 йилда бир марта чақирилади.

Мавзуга оид