Ўзбек тили ҳар биримиз учун ғурур тимсолига айланиши лозим
Донау дур сўзини афсона бил,
Сўзни жаҳон бағрида дурдона бил.
Алишер Навоий
Юртимизда давлат тил байрами кенг нишонланаётган шу паллаларда она тилимиз ҳақида юракдаги гаплар, қалб тубидаги сўзлар ҳар бир ўзбекка ўзгача бурч ва масъулият юклайди. Волида каби буюк, фарзанд каби суюкли бўлган ўзбек тили нақадар нафис ва мунис...
Айтиш жоиз, ўзбек тили улкан тарихий силсилалардан омон ўтиб, миллий ўзлигимизнинг улуғворлиги, матонати ва барҳаётлигини ўзида акс эттирган тимсол сифатида қадрланади. Зотан, қадим Ўрхун-Энасой ёдгорликлари-ю, “Қутадғу билиг”, “Девони луғотит турк” сингари ёзма обидаларда, “Муҳокамат ул-луғатайн”нинг теран моҳиятида боқий илдизлардан сув ичган она тилимизнинг беқиёс гўзаллиги, имкониятлари ва етук қадди-бўйи намоён бўлади.
Шу боис эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб, курашиб келган улуғвор мақсад – ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши Ватанимиз ҳаётидаги юксак воқелик сифатида тарихга муҳрланди.
Ўзининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси ва муносиб мақомига эга бўлган она тилимиз бугун янги ривожланиш ва юксалиш босқичига кўтарилди. Зотан, “Милий тикланишдан – миллий юксалиш” деган бош ғоямизнинг асосида, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш мақсади мужассамдир.
Она тилимизнинг қадр-қиммати, тилимизга ҳурмат ва муҳаббат барча жабҳаларда тўла намоён бўлиши миллат келажаги билан боғлиқ муҳим масаладир. Айтиш керакки, бугун ўзбек тилининг халқаро минбарларда баралла янграши, дунё бўйлаб эътироф этилиши ёруғ истак сифатида қалбимизда жўш урмоқда.
Бу борада ташланаётган дадил қадамлар давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланаётгани фахрланарли, албатта. БМТ минбарларида жаранглаган тилимиз ўзбекнинг қон томирларида ғурур туйғусини жўшқинлантирган бўлса, бу тарихий воқелик юртимизда ўзбек тили қадди ва ғурурини тиклашга қаратилган эзгу ишларда она тилига садоқатнинг ёрқин намунаси бўлди.
Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2020 йил 20 октябрда “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарор ва фармонлари имзоланди ва ҳаётга татбиқ этилди. Шунингдек, 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва мазкур коцепцияни 2020–2022 йилларда амалга ошириш дастури, ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Ўтган йили илк маротаба 21 октябр санаси мамлакатимизда Ўзбек тили куни – умумхалқ байрами сифатида кенг тантана қилингани ўзбек тили учун қайта тикланиш, янги қадр топиш палласи сифатида эътироф этилди.
“Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон мамлакатимизда тил сиёсатини амалга оширишга доир муҳим дастуриламал эканлиги бугун тўлақонли исботини топмоқда. Тарихий ҳужжатнинг барча бандларида тилимизнинг бугунги куни, эртанги истиқболи, мустаҳкам ривожига қаратилган аниқ мақсадлар ўз ифодасини топади. Айниқса, фармонда акс этган давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи, унинг бошқа тиллар билан алоқалари истиқболларини белгилаш, шунинг баробарида, ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эл фуқаролари учун ўзбек тили дарсликлари ва электрон дастурларини яратиш вазифаси илм аҳли, тилшунос олимларимиз зиммасига катта вазифа юклайди. Ўзбек тилини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этишга оид ташаббусларимиз эса бизнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган миллатпарвар ислоҳотларга муносиб улушимиз бўлади.
Таъкидлаш керак, давлат тилининг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш ҳам муҳим вазифа ҳисобланади. Университетимизда “Давлат тили нуфузи ва мавқеини ошириш: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиб, унда Туркия, Россия, Озарбойжон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби 20 дан ортиқ мамлакатдан, шунингдек, республикамизнинг барча вилоятларидан 180 га яқин етакчи тилшунос олимлар иштирок этгани ва унда айнан мана шу вазифага алоҳида эътибор қаратилгани аҳамиятлидир. Қолаверса, бундай халқаро кўламдаги анжуман ва мулоқотларда ўзбек тилининг софлигини сақлаш, унинг ноёб тил хусусиятларини кашф этиш, луғат бойлигини тадқиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, хорижлик тилшунослар туркий тилларнинг умумий ва ўзига хос хусусиятлари, ўзбек тилининг жозибадорлиги, хориждаги олий ўқув юртларида ўзбек тилининг ўрганилиши ҳақидаги маърузалари билан иштирок этдилар. Келгусида ҳам тилимизнинг халқаро миқёсда ўрганилиши ва ўзбек тили тарғиботига бағишланган анъаналаримиз муносиб давом эттирилади.
Мамлакатимизда тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари ва истиқболдаги вазифалари ижроси таъминлаш борасида Фарғона тилшуносларининг илмий салоҳияти ва имкониятлари етарли. Бу хайрли ва масъулиятли ишда бор куч-ғайратимизни сафарбар этмоқдамиз. Зеро, улуғлар таъкидлаганидек, “Она Ватанга муҳаббат ва садоқат – она тилига муҳаббат ва садоқатдан бошланади”.
Бугунги глобаллашув шароитида миллий тилимизнинг софлигини сақлаш, унинг луғат бойлиги, аҳолининг нутқ маданиятини ошириш, давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш, давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини оширишда олий таълим муассасаларининг ҳам ўрни ва иштироки яққол намоён бўлмоғи керак. Бу борада ўзининг юксак салоҳиятли филология мактабига эга бўлган Фарғона давлат университететида муносиб қадамлар қўйилмоқда.
Баҳодиржон Шермуҳаммадов, Фарғона давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Ⓣ
Мавзуга оид
10:31 / 18.03.2024
Хориждаги ўзбекистонликлар учун Ўзбек тили онлайн платформаси ишга туширилди
18:18 / 01.06.2023
6 жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» тақдимоти ўтказилди
14:34 / 17.10.2022
Ўзбекчани ўрганишга ўзга миллатларда рағбат йўқми ёки ўргатишга бизда хоҳиш?
17:41 / 21.10.2020