Ўзбекистон | 11:44 / 16.10.2021
455
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятининг ўз телерадиоканали ташкил этилади

Тошкент вилоятининг ҳам ўз телерадиоканалини ташкил этилади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашувда маълум қилди.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

“Тошкент вилояти қадимдан илм-фан, ҳунармандчилик, маданият юксак тараққий этган маконлардан бири бўлгани сизларга маълум. Ўрта асрларга оид тарихий манбаларда, бундан минг йил аввал Шош вилоятида 40 га яқин обод шаҳарлар бўлгани ёзиб қолдирилган. Амир Темур бобомиз ҳозирги Оққўрғон тумани ҳудудидаги мўғуллар вайрон қилган қадимий шаҳарни қайта тиклаб, ўғлининг номи билан Шоҳрухия деб атагани ҳам, буюк соҳибқироннинг бу ўлкага меҳри ўзгача бўлганидан далолатдир. 

Ушбу табаррук диёр – Шайх Умар Боғистоний, Хожа Аҳрор Валий, Абу Сулаймон Банокатий сингари азиз авлиёларга бешик бўлганидан ҳаммамиз ифтихор қиламиз. Зангиота меъморий мажмуаси бутун минтақада маълум ва машҳурдир. Ушбу табаррук зиёратгоҳни обод қилиш бўйича қатор савобли ишлар амалга оширилганидан барчангиз хабардорсиз.  

Тошкент вилоятида камол топган Бадриддин Чочий, Гулшан, Алмаий, Сидқий Хондайлиқий, Музайяна Алавия сингари ўнлаб етук ижодкорлар, ўз даврида вилоят ривожига муносиб ҳисса қўшган Ҳамроқул Турсунқулов, Жўра Хонназаров, Султон Сегизбоев, Ким Пен Хва, Турсуной Охунова каби таниқли инсонларнинг номларини чуқур ҳурмат билан ёдга оламиз.

Хумсон қишлоғида туғилиб ўсган тараққийпарвар олим, шоир ва таржимон Элбек “Миллатнинг нажоти – мактабда, муаллимда”, деб билган. Абдулла Авлонийнинг шогирди бўлган адиб, янги усулдаги кўплаб дарслик ва қўлланмалар яратган. Мустабид тузум даврида қатағонга учраган истиқлол фидойисининг номини абадийлаштириш мақсадида Нурафшон шаҳрида кўркам ва замонавий кутубхона барпо этиб, уни Элбек номидаги вилоят марказий кутубхонаси, деб атасак, сизлар нима дейсизлар? 

Бугунги ахборот ва янгиликларга талаб тобора кучайиб бораётган бир пайтда Тошкент вилоятининг ҳам ўз телерадиоканалини ташкил этиш вақти келди, деб ҳисоблайман”, деди президентликка номзод.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид