Ўзбекистон | 09:40 / 25.10.2021
130327
6 дақиқада ўқилади

Кўз хиралашиши сабаблари ва унинг олдини олиш. Шифокор билан суҳбат

“Ҳар 100 бемордан 70-75 нафарида кўз хиралиги учрайди. Коронавирус тарқалишидан олдин бундай беморлар сони камроқ эди. Лекин ковидга чалинганларда ҳам кўз хиралашиши пайдо бўла бошлади”, – дейди шифокор Ҳикматулла Содиқов.

“Кўз нури” клиникаси бош шифокори Ҳикматулла Содиқов Kun.uz'нинг “Соғлом ҳаёт” лойиҳасига берган интервьюсида бугунги кунда энг кўп тарқалган кўз касалликларидан бири –кўз хиралашишининг келиб чиқиш сабаблари, уни даволаш ва касалликдан сақланиш чоралари ҳақида маълумот берди.

Шифокорнинг айтишича, айни пайтда кўзидан шикоят қилиб келаётган беморларнинг 70 фоизида кўриш қобилиятининг пасайиши кузатилади.

Кўришнинг хиралашувига қандай омиллар таъсир кўрсатади?

— Ҳозирда ҳар 100 бемордан 70-75 нафарида кўз хиралиги учрайди. Коронавирус тарқалишидан олдин бундай беморлар сони камроқ эди. Лекин ковидга чалинганларда ҳам кўз хиралашиши пайдо бўла бошлади. Натижада уларнинг сони кескин ошди.

Ҳикматулла Содиқов / Фото: Kun.uz

Кўзнинг хиралашишига кўплаб сабаблар бор. Масалан, наслдан наслга ўтадиган касалликлар. Бунда қариндошлар орасидаги никоҳдан кейин туғилган болаларда касаллик кўп кузатилади.

Шапкўрлик, узоқни кўролмаслик, астигматизм касалликлари ҳам наслдан наслга ўтиши мумкин. Айниқса, касаллик ҳам ота, ҳам она томонда бўлса, уларнинг фарзандларига ўтиш эҳтимоли юқори.

Узлуксиз ишлаш ҳам кўз хиралигига олиб келади. Бир соат ишлагандан кейин 10 дақиқа кўзга дам бериш керак.

Кўзда витамин камайиши ҳисобига кўриш хиралашмайди. Ҳозир интернетда ёлғон хабарлар кўпайди. Фалон витаминни ичсангиз, кўзойнаксиз яхши кўриб кетасиз, дейди. Унақа нарсаларга ишонмаслик керак. Кўришни яхшилаш учун табиий маҳсулотлар, озиқ-овқатлар, оқсил, ёғ истеъмол қилиш керак.

Кўз хираликларига яна бир сабаб – кўп миқдорда шўр ва ширин маҳсулотлар истеъмол қилиш.

Шунингдек, диабет касалликлари, кўп асабийлашиш ҳам мазкур касалликни келтириб чиқаради. Қаттиқ асабийлашиш оқибатида кўзлар бир кунда хира бўлиб қолиши мумкин. Айниқса, ёши катталар стрессдан ўзини олиб қочиши керак.

Кўп абитуриент ва талабалар кўз хиралигидан шикоят қилишмоқда

— Охирги пайтларда институтга ўқишга киритиш учун болаларни жудаям қаттиқ босим билан ўқитиш бошланди. Репетиторлар менинг ўқувчим кучлироқ ўқиши керак деб, рақобатни кучайтиришди. Тўғри, бунда болаларнинг билими ошмоқда. Лекин бунинг ёмон томони ҳам бор. Яъни нотўғри тартиб, қаттиқ босим билан узоқ вақт узлуксиз ўқиш натижасида кўп болаларнинг кўзлари хиралашмоқда.

Фото: Kun.uz

Ҳозирда институтда ўқиётган 1- ва 2-босқич талабаларида аксариятининг кўзлари узоқни 30-40 фоиз кўради. Буни тиклаб бўлмайди. Фақат операция билан бўлиши мумкин.

Кўзойнак тақади ёки хоҳламаса, линза тақади. Уни ҳам истамаса, лазер билан даволаймиз. Шу билан бемор тиниқ кўра олади.

Кўз хиралашишига сабаблардан яна бири – қон босимининг ошиши ва қандли диабет касаллиги. Вақтида қон босимини ўлчатиб туриш керак. Қон босими кўтарилгани сари қон томирлар деворида ўзгариш бўлиб, кўздаги қон қуйилишларига, кўрув нервидаги ўзгаришларга сабаб бўлади. Бу қайталанмайдиган жараёнларга олиб келади. Қон томирларида ўзгаришлар бор одамлар спиртли ичимликлар ичиши мумкин эмас.

Яна бир муаммо – болаларда кўз хиралиги кўп учрайди. Бунга сабаб уларнинг овқат танлаб ейиши, истеъмол қилаётган таомларида оқсил ва ёғлар етишмаслигидир. Шунингдек, дарс қилаётганларида ёруғликка эътибор берилмаслиги. Яъни болалар дарс қиладиган жойда табиий ёруғлик бўлиши зарур. Дарс столини деразани ёнига жойлаш керак ёки столга лампа ўрнатиб бериш лозим. Ёруғ жойда ўқиганда кўзда дофамин нормал ишлаб чиқарилади. Кейин кўриш яхши бўлади. Агар ёруғлик кам бўлса, ҳужайралар дофаминни кўпроқ ишлаб чиқаришга ҳаракат қилади. Ва кўз ўса бўшлайди. Кўз ўсиши натижасида кўриш хиралашиб кетаверади.

Нурдан ҳимояловчи кўзойнаклар тақиш нега тавсия этилади?

— Телефон кўп ишлатадиган инсонларга унинг нурини пасайтиришни тавсия қиламиз. Кечқурун телефон ишлатмасликни айтамиз. Чунки тунда нурнинг кўплиги ҳисобига кўз зўриқади. Баъзилар эрталабдан кечгача телефонда ишлайди. Уларга нурдан ҳимояловчи кўзойнаклар қилиб берамиз.

Қўл бериб саломлашгач, қўлни кўзга олиб бормаслик керак. Нам салфетка ҳар доим ҳам олиб юравермаймиз. Саломлашган одамнинг кўзида баъзи касалликлар бўлиши мумкин. Улар юқади.

Фото: Kun.uz

Кўз машқлари бор. Уларни соғлом одам ҳам, кўришда муаммолари борлар ҳам бажарсалар, фойдадан холи бўлмайди. Масалан, энг осон машқ – стол тенниси. Шу билан бирга, махсус машқлар ҳам жуда кўп. Бундан ташқари, нурдан ҳимоялайдиган кўзойнаклар тақиб юриш керак.

Қуёшда кўп юрадиган одамларда катаракта тез ривожланади. Кўз гавҳарининг нур ўтказувчанлиги секин-аста сина бошлайди. Оқибатда беморнинг кўз гавҳари ишдан чиқади. Қуёшда ишлайдиган одамларнинг кўзлари сарғайиб кетади. Албатта, нурдан ҳимояловчи кўзойнаклар тақиб, кўзни намлантирувчи дорилар томизиб юриш керак.

Катаракта олдинлари 60 ёшлиларда кўп учрар эди. Ҳозир 30–40 ёшлиларда кўп. У ҳам ёшариб бормоқда. Чунки ишимиз кўпроқ нур билан боғлиқ. Ҳимояланадиган кўзойнакларни уялмасдан тақиб юриш керак.

Кўриш хиралиги кўпайиб кетганига мисол сифатида айтишим мумкинки, ўтган ҳафтада иш фаолиятимдаги рекорд рақамдаги – бир кунда 58 нафар бемор кўзини операция қилдим. Ҳеч қачон бундай бўлмаган эди. Бу йиллар давомида кўз хираликлари кўпайиб бораётганини англатади. Яъни кўзи хира одам жудаям кўп. Бунинг олдини олиш йўли фақатгина мунтазам кўриклардан ўтиб туришдир.

Исломбек Умаралиев суҳбатлашди.
Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид