Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саакашвили ўзига тиббий ёрдам кўрсатилишини рад этди
Михаил Саакашвили унга юридик ёрдам кўрсатилишини рад этишгани учун тиббий кузатувдан бош тортаётганини айтган.
Рустави шаҳридаги қамоқхонада очлик эълон қилган Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили тиббий кузатувни рад этди. Бу ҳақда Украина олий радаси депутати, врач Максим Перебейнос маълум қилди.
“Афсуски, менга шифокор сифатида Саакашвилининг ҳолатини текширишга рухсат беришмади, қамоқхона маъмурияти мени депутат сифатида киритди. Биз ойна орқали гаплашдик. 27 кун давомида оч бўлган одам тиббий кузатувга муҳтож беморга айланади деб ўйлайман. Миша унга юридик ёрдам кўрсатилишини рад этишгани учун тиббий кузатувдан бош тортаётганини айтди”, — дея Перебейноснинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Interpressnews.
Саакашвили Украинадан Грузияга 29 сентябрда яширинча келган. У 1 октябрда Тбилисида қўлга олинган.
Айни вақтда Саакашвили президент бўлган вақтида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ва улардан ғаразли мақсадда фойдаланиш айбловлари бўйича мос равишда 3 ва 6 йилга озодликдан маҳрум этилган. Саакашвилига яна иккита айблов қўйилган. Жумладан, у давлат маблағларини ўз эҳтиёжларига ишлатишда айбланмоқда. Ҳозирда ушбу ишларнинг судда кўрилиши давом этмоқда.