Жаҳон | 07:44 / 29.10.2021
9560
3 дақиқада ўқилади

Хитойда ўта баланд бинолар қурилиши чекланмоқда

Мамлакатда кичик шаҳарларга ўта баланд бинолар қуриш тақиқланяпти.

Фото: Getty Images

Хитойда дунёдаги энг баланд бино, жумладан, 128 қаватли Шанҳай минораси ҳам бор. Маҳаллий хабарларда аҳоли у қадар зич бўлмаган шаҳарларда осмонўпар биноларни қуриш заруриятини шубҳа остига қўйган, дея ёзмоқда BBC.

Улар қулайлик учун эмас, шуҳратпарастлик сабабли қурилгани айтилган. Ҳозирда баландлиги 500 метрдан ортиқ бино қуриш тақиқланган.

Эълон Weibo ижтимоий тармоғида олқишлар билан кутиб олинди. Кўпчилик ўта баланд осмонўпар бинолар “керак эмас, фойдали эмас”, деб айтган. Аввалроқ, жорий йилда мамлакатда “хунук архитектура” ман этилганди.

“Биз одамлар ҳақиқатан ҳам тарихда қоладиган бирор нима яратишга ўта кучли ҳаракат қилаётган босқични бошдан кечиряпмиз. Ҳар бир бино диққатга сазовор жой бўлишга интилади, қурувчи ва шаҳарсозлар янгилик ҳамда ўзига хосликни қўллаган ҳолда мана шу мақсадга эришишга ҳаракат қилади”, - деган Тунцзи университетининг Архитектура ва шаҳарни режалаштириш коллежи раҳбари Жанг Шангшу.

Янги қоидалар бўйича нималарга амал қилиш керак?

Уй-жой қурилиши, шаҳар ва қишлоқ ривожланиши вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда аҳолиси 3 миллиондан кам бўлган шаҳарларга баландлиги 150 метрдан (492 фут) ортиқ бўлган осмонўпар бинолар қуриш тақиқланиши айтилган. Аҳолиси мазкур кўрсаткичдан ортиқ бўлган шаҳарларга баландлиги 250 метрдан ортиқ бўлган бинолар қуриш ман этилади.

Аҳолиси 3 миллиондан кам бўлган шаҳар баландлиги 150 метрдан ортиқ осмонўпар бино қуришни истаса, вазирликка мурожаат этиши кераклиги айтилди. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам баландлиги 250 метрдан ортиқ бино қура олмайди.

Худди шундай, аҳолиси 3 миллиондан ортиқ шаҳар муайян ҳолатларда баландлиги 250 метрдан ортиқ бўлган осмонўпар бино қуриш бўйича ариза бериши мумкин, бироқ баландлиги 500 метрдан ортиқ бино қурилишига қатъий тақиқ мавжуд.

Баёнотда айтилишича, ушбу янги қоидаларни бузувчи лойиҳаларни маъқуллаганлар умрбод жавобгарликка тортилади.

Мавзуга оид