Ўзбекистон | 12:22 / 03.11.2021
6848
4 дақиқада ўқилади

Ҳарбий хизматчилар қандай ҳолларда моддий жавобгарликка тортилиши маълум қилинди

Ҳарбий хизматчилар агар командирнинг, бошлиқнинг буйруғини бажариши ёхуд асосли хизмат ёки хўжалик таваккалчилиги ёки бошқа қонуний ҳаракатлари натижасида зарар етказган бўлса – моддий жавобгар бўлмайди. Бу ҳақда бугун, 3 ноябрь куни Миллий матбуот марказида Мудофаа вазирлиги масъуллари билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг 30 сентябрь куни имзоланган «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун билан ҳарбий хизматчиларнинг моддий жавобгарлиги ва фуқароларни ҳарбий хизматга чақиришга доир бир қанча ўзгартиришлар киритилди. Мудофаа вазирлиги бошқармаси бошлиғи Улуғбек Қодировга кўра, мазкур қонун билан қуйидаги йўналишлар бўйича ўзгартиришлар киритилган:

  • фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматларга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш ишларини ташкил этадиган чақирувни ўтказиш бўйича комиссиялар таркиби ва фаолияти тартиби белгиланди;
  • сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга ўтган фуқаролар ойлик ҳарбий йиғинларни ўтаганларидан сўнг Қуролли Кучлар резервига ўтказилиши белгиланди;
  • фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш ишлари улар умумий ўрта, ўрта махсус ёки бошланғич профессионал таълим муассасаларидаги охирги ўқиш йилининг октябрь-ноябрь ойларида амалга оширилиши белгиланди;
  • меҳнатга қобилиятсиз, яъни нафақада ёки ногирон бўлган ота-онанинг ёлғиз ўғли бўлиб, уларни боқиши лозим бўлган меҳнатга қобилиятли вояга етган бошқа ўғли бўлмаса, ушбу чақирилувчи муддатли ҳарбий хизматга чақирилмаслиги белгиланган. Ушбу чақирилувчилар ўзи ва ота-онасининг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) розиликлари билан чақирилиш муддатини кечиктирмасдан ҳарбий хизматга чақирилишлари мумкин.

Бундан ташқари, қонунга барча тоифадаги ҳарбий хизматчиларнинг моддий жавобгарлигини белгилашга доир қўшимча 5 та модда киритилди.

Унга кўра, ҳарбий хизматчилар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари), ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган шахслар ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳарбий мол-мулкка – Қуролли Кучлар тасарруфидаги ҳарбий объектларга, бинолар ва иншоотларга, қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, жанговар ва бошқа техника, ўзга моддий-техник воситалар ва пул маблағларига етказилган тўғридан тўғри ҳақиқий зарар учун моддий жавобгарликка тортилади.

Лекин юқорида қайд этилган ҳарбий хизматчилар агар командирнинг, бошлиқнинг буйруғини бажариши ёхуд асосли хизмат ёки хўжалик таваккалчилиги ёки бошқа қонуний ҳаракатлари натижасида зарар етказган бўлса – моддий жавобгар бўлмайди.

Ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажармаётган пайтда моддий зарар етказган ҳарбий хизматчилар фуқаролик қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўлади.

Шунингдек, ҳарбий хизматчилар ўз айби билан ҳарбий мол-мулкни талон-торож қилган, камомадга йўл қўйган, беҳуда сарфлаган, йўқотган, қасддан йўқ қилган, шикастлаган, ишдан чиқарган, қонунга хилоф равишда сарфлаган ҳолларда етказилган зарар учун ёки қасддан содир этилган бошқа хатти-ҳаракатлари туфайли етказилган зарар учун, уларда жиноят қонунчилигида назарда тутилган жиноят таркиби аломатлари борлигидан қатъи назар, моддий жавобгар бўлади.

Шунингдек, хизматчиларни қонунга хилоф равишда ишдан бўшатишда ёки бошқа ишга ўтказишда айбдор бўлган командирлар ёки суднинг ишга тиклаш тўғрисидаги қарорини бажаришни асоссиз равишда кечиктирган раҳбарлар ҳам етказилган моддий зарарнинг ўрнини давлатга қоплаб беради.

Зарарнинг келиб чиқиши сабабларини, миқдорини ва айбдор шахсларни аниқлаш учун белгиланган тартибда терговга қадар текширувни ёки хизмат текширувини ўтказади.

Аниқланган зарар унга айбдор бўлган ҳарбий хизматчи резервга бўшатилганидан ёки истеъфога чиқарилганидан қатъи назар, аниқланган кундан эътиборан уч йил ичида моддий жавобгарликка тортилади.

Мавзуга оид