Ўзбекистон | 08:38 / 03.11.2021
9215
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда пора олган мактаб директори судланди. У депутат ҳам бўлган

Хоразм вилояти, Ҳазорасп туманидаги 21-сонли умумтаълим ўрта мактаби собиқ директори, Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг депутати М.Ж. пора олганликда суд томонидан айбдор деб топилди. Депутатлик фаолияти ҳам муддатидан олдин тугатилди.

Фото: Kun.uz

Хоразм вилоят суди матбуот хизмати хабарига кўра, М.Ж. директорлик хизмат мавқейидан фойдаланиб, қўл остида ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосар лавозимида ишловчи Р.К. билан олдиндан тил бириктириб, ўқитувчилардан тамагирлик йўли билан пул талаб қилган.

Р.К. воситачи сифатида, 2020 йил июль ойида мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиларини хизмат хонасига йиғиб, уларнинг ҳар бирига Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги низоми талаблари асосида маошига ҳар ойлик устама ҳақ белгиланганини билдирган. 

Бунинг эвазига ҳар биридан тамагирлик йўли билан 150 минг сўмдан пул талаб қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида кимёвий ишлов берилган жами 750 минг сўмни ўз хизмат хонасида пора тариқасида олган пайтда ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судининг очиқ суд мажлисида айбланувчи М.Ж. қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, айбига иқрорлик билдирган ва суддан енгиллик қилишни сўраган. Айбланувчи Р.К. эса суд муҳокамасида айбига иқрорлик билдирмасдан, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.

Суд иш ҳужжатларини ўрганиб, томонлар ва гувоҳларнинг кўрсатмаси билан танишиб ҳамда судланувчиларнинг оилавий аҳволи, аёл эканлиги ва олдин судланмаганлигини инобатга олиб ҳукм чиқарган.

2020 йил 24 декабрь кунги суд ҳукмига кўра М.Ж. ва Р.К. Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в, г» бандларида назарда тутилган (тамагирлик йўли билан, бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб пора олиш) жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, Жиноят Кодексининг 45-моддаси қўлланиб, 2 йил давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Жиноят Кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Шунингдек, 34-Навоий сайлов округидан Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашига сайланган депутат М.Ж. суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганлиги сабабли, Кенгаш қарори билан депутатлик фаолияти муддатидан олдин тўхтатилган.

Мавзуга оид