Жаҳон | 20:27 / 04.11.2021
5789
2 дақиқада ўқилади

Саакашвилининг онаси Зеленскийдан ўғлига ёрдам беришни сўради

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилининг онаси Гиюли Аласанияни Украина президенти Владимир Зеленскийга мурожаат қилиб, ундан қамоқхонада ушлаб турилган ўғлига ёрдам беришни ва уни даволаш учун Украинага етказилишини ташкиллаштиришни сўради.

Гиюли Аласания / Фото: Видеодан кадр

Ҳозирда Саакашвили Рустави шаҳрида қамоқхонада сақланмоқда. У 1 октябрда ҳибсга олинган ва шундан бери норозилик сифатида очликни давом эттирмоқда.

У айни вақтда Украина фуқароси ҳисобланади.

“Мен бизга олдин ҳам бир неча марта ёрдам берган жаноб Зеленскийга мурожаат қилмоқчиман. Бироқ бизга ҳозир унинг алоҳида қўллаб-қувватлови ва ёрдами керак. Михаилнинг бирор йўл билан Украинага етказилишини ташкиллаштириш лозим. У бу ерда тегишлича даволаниши, парваришланиши ва омон қолиши мумкин. У 35 кундан бери очликни давом эттирмоқда”, деб айтган Саакашвилининг онаси Зеленскийга йўллаган видеомурожаатида.

У ўғлининг соғлиғидан хавотир билдирган.

“Унга таклиф қилинаётган ягона нарса қамоқхона шифохонаси бўлмоқда. У ерда тегишли мутахассислар, бундай беморларни даволаш учун ҳеч қандай шароит йўқ”, деб айтган Гиюли Аласания.

Бир ойдан кўпроқ вақтдан бери очликни давом эттираётган Грузиянинг собиқ президенти охирги кунларда ҳолсизланиб, аҳволи исталган дақиқада оғирлашиши мумкинлиги айтилган.

Аввалроқ Грузия президенти Саломе Зурабишвили Саакашвилини афв этмаслигини айтганди.

Саакашвили 29 сентябрда Украинадан Грузияга яширинча келган. У 1 октябрда Тбилисида қўлга олинган. Унга ватанида бир нечта жиноий иш очилган. Уларнинг иккитаси бўйича собиқ президентга 3 йиллик ва 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Саакашвили ўзининг қўлга олинишини ноқонуний деб атаган ва озод этилмагунгача очликни давом эттиришини айтган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид