Жаҳон | 09:43 / 05.11.2021
5641
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Саудия Арабистонига 650 миллион долларлик қурол сотишни маъқуллади

Фото: tekdeeps.com

АҚШ давлат департаменти Саудия Арабистонига 650 млн долларлик қурол сотишни маъқуллади. Ар-Риёд Вашингтондан ўрта масофаларга мўлжалланган “ҳаво-ҳаво” туридаги 280та ракета, 600та рельсли пуск базалари ҳамда қўшимча қурилмалар сотишни сўраган.

2018 йил охирида АҚШ сенати Саудия Арабистонини Яман билан қуролли ихтилофда қўллаб-қувватлашни тўхтатиш ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишига алоқадорлиги ҳақидаги резолюцияни қабул қилган.

Бироқ ўшанда АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонига қурол сотишни тўхтатиш ҳақидаги резолюцияга тақиқлов қўйган ва саудиялик шаҳзоданинг журналист ўлимига алоқадорлиги маълум бўлгандан кейин ҳам подшоҳликка қурол сотишни давом эттирган.

2021 йил февралида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен амалдаги президент Жо Байден Саудия Арабистони билан ҳамкорлик АҚШ қадриятларини акс эттириши кераклигини айтганини маълум қилган. Блинкеннинг таъкидлашича, Вашингтон “Саудия Арабистонининг фаоллар, диссидентлар ва журналистларга ҳужум қилишларига чек қўйиш зарурлигини” айтган.

АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ўша ойда Саудия Арабистонининг Ямандаги ҳарбий амалиётини қўллаб-қувватлашни тўхтатган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид