Жаҳон | 10:19 / 05.11.2021
3310
1 дақиқада ўқилади

Нигерияда 11 йил ичида 2 мингдан кўпроқ ўқитувчи террорчилар қурбони бўлган

Нигерия шимоли-шарқидаги Адамава, Борно ва Йобе штатларида охирги 11 йил ичида “Боко ҳаром” террорчи гуруҳи жангарилари қўлидан 2300 га яқин ўқитувчи ҳалок бўлган, 19 минг ўқитувчи ўз яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлган. Бу ҳақда Нигерия шимоли-шарқини ривожлантириш комиссияси директори Муҳаммад Алкалийга таяниб Leadership нашри хабар берди.

Фото: AA

“Нигерия шимоли-шарқида таълим шундоқ ҳам ёмон аҳволда бўлган, “Боко ҳаром” ҳужумлари сабабли юз берган инқироз бошланиши билан вазият янада ёмонлашган. Охирги 11 йил ичида 2300 га яқин ўқитувчи ўлдирилган, 19 минг нафари ўз яшаш жойини тарк этган. 2014 йилдан бери 1500 та мактаб йўқ қилинган”, деб маълум қилган Алкалий.

Аввалроқ Нигерия президенти Муҳаммаду Бухорий 12 млндан кўпроқ бола жиноятчилар томонидан ўғирланиши мумкинлигидан қўрқиб, мактабга боришдан бош тортаётганини маълум қилган.

“Боко ҳаром” гуруҳи Нигерия шимолида шариат қонунларини ўрнатиш мақсадида терактлар ва ҳужумлар содир этиб келади. Гуруҳ жангарилари бир неча йилдан бери ҳукуматга қарши уруш олиб бормоқда. Улар кўп ҳолларда ҳарбий ва полиция объектларини нишонга олади, диний жамоалар етакчиларига қарши ҳужумлар содир этади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид