Тракторчи, тарозибон, оддий деҳқон: ота касбини эгаллаган Қорақалпоғистонлик ёш фермер қиз
30 ёшни тўлдирган Венера Ибрагимова Қорақалпоғистондаги энг ёш фермер қизлардан бири. У «Берунийли Анварбек» фермер хўжалигини 7 йилдан бери бошқармоқда.
Ёш фермер қиз 23 ёшида отасидан фермерликни қабул қилиб олади. Ўшанда уларнинг 60 гектар ери бор эди. Ҳозир ер майдонлари 130 гектарни ташкил қилади. Экин майдонида асосан пахта ва ғалла етиштирилади.
Венера Ибрагимованинг ёшлиги Тошкентда ўтган. Шунга қарамай ерга меҳри соҳага кириб келишига сабаб бўлган.
«Дадам инсульт бўлиб қолганда, ишни бошлаганимнинг биринчи йили жуда қийналдим. У пайтларда укам ёш эди. Мен шаҳарда ўсган қиз эдим. Ўшанда онам менга далда берди: «Сенга ишонамиз, сен шу ишни қила оласан», дедилар. Биринчи-иккинчи йили жуда қийналдик. Ердан куч олиб, Худога шукур ҳозирги кунга етиб келдик», — дейди, ёш фермер қиз.
У хўжаликда тракторчиликни ҳам, тарозибонликни ҳам, оддий ишчи вазифасини ҳам қилиб кетаверади.
«Бошида тракторчилардан бироз қийналганман. «Бугун ҳайдаб беринг, пул бераман десам» ҳам, «ҳозир вақтим йўқ», дея рад этишарди. Ёки «100 минг бераман», десам, 200 минг сўм сўрашарди. Охири ўзимга ўзим «Буни қиз боланинг иши эмас, йигитлар шуғулладиган касб», деган жойи йўқ. Ўзимнинг ҳам қўлимдан келади. Қани, бир ҳайдаб кўрай-чи, дедим. Онам «ҳайдама болам, баҳайбат тракторни бошқара олмай уриб оласан ёки ағдарасан», деди. Ағдарсам ҳам, барибир ҳайдайман, охири ўрганаман, дедим ва ниятимга етдим», — дея, бошидан кечирганларини айтади Венера Ибрагимова.
Венера Ибрагимова жорий йилда ўз олдига режа қилиб қўйган 150 тонна пахта хирмонини ортиғи билан тўплади. Ҳозир ёш фермер қизнинг йиллик даромади 250–300 млн сўмни ташкил қилади. У ўз соҳасида энг юқори чўққиларга чиқмоқчи. Хўжаликни кўп тармоқли қилиб, кўпроқ одамни иш билан таъминлаш ниятида.
Шуҳрат Саидаҳмадов, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов.
Мавзуга оид
12:07 / 09.11.2024
Хоразмда мевага кира бошлаган интенсив боғ бузиб ташланди
14:10 / 12.03.2024
Томорқа ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлашнинг янги чоралари белгиланди
09:05 / 01.06.2023
“Меҳнат қилган қишлоқда ҳам кам бўлмайди” — пандигонлик деҳқон
10:36 / 21.04.2023