Ўзбекистонда конституцияни такомиллаштириш масаласини кўриб чиқиш режалаштирилмоқда
Сенат биносида сайланган президент Шавкат Мирзиёевнинг инаугурация маросими бўлиб ўтмоқда. Kun.uz мухбири хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев тадбир давомида нутқ сўзламоқда.
«Барча номзодларнинг сайловолди учрашувларида электорат вакиллари томонидан бугунги кунда ҳаётнинг ўзи, ислоҳотларимиз мантиғи талаб этаётган яна бир муҳим таклиф илгари сурилди. У ҳам бўлса, мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдан иборат.
Агар дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, туб бурилиш даврида кўпгина давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилганини кўрамиз.
Шу сабабли, аввало, сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак», деди Шавкат Мирзиёев.