Жамият | 20:07 / 14.11.2021
29309
8 дақиқада ўқилади

«Вақт машинасида қоронғи 2016 йилга бориб келамиз» – блогерларнинг ҳафта мавзулари

Якунланган ҳафтада ҳам ўзбек блогосфераси қизғин муҳокамаларга бой бўлди. Kun.uz блогерларнинг ҳафта мавзуларини тўплади.

«Маҳаллабай» ҳоким ёрдамчилари

Davletov.uz каналининг муаллифи ўтган ҳафтада муҳокамалар марказида бўлган банк ходимларининг маҳаллаларга мажбуран ишга ўтказилиши билан боғлиқ вазиятга кадрлар геноциди деб баҳо берди.

«Шундоқ ҳам давлат ва жамият малакали кадрларга оч бўлиб турганда, бундай кадрлар сиёсати яхшилик келтирмайди. Бу билан ҳеч қанақа натижага эришилмайди. Шундоқ ҳам иш вақтидан кўп, ҳатто дам олиш кунлари ишлаётгани етмаётгандек, улар қарийб мажбурлаб, истак-хоҳишига қарши бошқа ишга ўтказилишини «кадрлар геноциди», деб баҳоласаям бўлади», деб ёзди блогер.

Бу мавзуда Kun.uz ҳам «Салласи деса калласи» — республика бўйлаб ҳоким ёрдамчилигига маҳаллабай мажбурлов кетмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилди.

«Бойлар бойимоқда, камбағаллар нисбий қашшоқлашмоқда»

Иқтисодчи Отабек Бакиров расмий статистика одамлар даромади ошганини кўрсатаётганига қарамай, буни кишилар ўз танасида ҳис қилмаётганига оид фикрларини ёзди.

«Бир қарашда, даромадлар ошмоқда, йиллик ҳисобда жами номинал даромадлар 22,6 фоизга ўсган.

Номинал даромадлар ўсиши инфляцияни икки баробарга қоплаган. Нега унда кўпчилик норози, ҳаёти сифати пасайиб бораётгани, даромадлари харажатларидан ортда қолаётганидан ташвишда?

Нега ўрта синф ва қуйи даромад эгалари расмий статистика айтаётган ўсишни танасида, рўзғорида ҳис этмаяпти?

Биринчи ва энг асосий масала даромадлар тўғри тақсимланмаётганида. Тинимсиз такрорлаётган фаразимизни яна такрорлашга мажбурмиз:

Бойлар бойишда давом этмоқда.

Ўртаҳоллар нисбий камбағаллашмоқда.

Камбағаллар нисбий қашшоқлашмоқда»,  деб ёзди у.

Иқтисодчи расмий статистика даромадларнинг турли даромад гуруҳлари қирқимида ўсиши тўғрисидаги ахборотни очиқламаганига эътибор қаратди.

«Ягона мавжуд ахборот аҳолининг 10 фоизли гуруҳлари бўйича нотекис тақсимланиши бўйича маълумотлардир.

Унга кўра, энг камбағал 10 фоиз ва энг камбағал 20 фоиз аҳолининг жами даромадларида улушининг пасайиши 2018 йилда бошланган ва уларнинг улуши 2020 йилда жуда сезиларли даражада қисқарган.

Айни шу даврда 3-8 десилдаги, яъни шартли ўртаҳолларнинг жами даромадлардаги улуши ҳам ё ўсмаган, ёки фақат пасайган.

Нима деб ўйлайсиз? Кимларнинг жами даромадлардаги улуши ошган?

Табиийки, энг бой 2 десилдаги аҳоли охирги уч йилда даромадлари улушини кескин оширган. Эътиборлиси, уларнинг улуши кризисли 2020 йилда жиддий ошган.

Аҳоли даромадларининг нотекис тақсимланаётганининг яна бир кўрсаткичи - Жини коэффициенти 2017-2019 йиллардаги 0.262 миқдорида ўзгармай қолиб, 2020 йилда бирданига 0.276 гача чиққан.

Рақамларнинг ўзи айтиб турибдики, охирги йиллардаги ўзгаришлардан бойлар ва ҳукумат билан чатишиб кетган олигархлар рози бўлиши мумкин, холос. Пропаганда ва пиар кун тартибини қарасангиз бунга ўзингиз гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Давлат раҳбари охирги чиқишида Марксга бекорга мурожаат этмади, назаримда. Балки, бизга сўл бурилиш керакдир?» дея таъкидлайди у.

«Вақт машинаси»

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ўз блогида Сенат раиси Танзила Норбоеванинг ҳафта давомида интернетда муҳокамаларга сабаб бўлган «Свет ўчиши, зулматда ўтириб телевизор кўролмаслик беш йил олдинги тарих эди», деган гапига ишора қилиб пост қолдирди.

«Таҳририятимизда унда-бунда чироқ ўчади; эл қатори (чироқ кам ўчгани учун ҳам шу бинода ўтирамиз). Лекин бугун узилишлар сал, саааалгина кўпроқ бўлди (айб таҳририят жойлашган бинода бўлса керак, ГЭСларда эмас — мамлакатда плюс-минус 90 фоиз электр ИЭСлардан чиқаётган бўлса, ГЭСларни айблаб бўладими ахир); давомийлиги эмас (қисқа жуда, чироқ одатда узоғи ярим соатга қолмай ёнади), сони кўпроқ бўлди узилишларнинг.

Биз бунга позитив ёндашишнинг осон йўлини топдик — чироқ ўчса, «Қоронғи 2016 йилга тушиб қолдик», деб куляпмиз (хафа бўлиш йўқ), электр қайта уланиши билан, яна тантана: «Урре, ёруғ 2021 йилга қайтдик!», деб. Вақт машинасининг ўзгинаси. «Замонлараро саёҳат» ҳатто энг фантастик киноларда ҳам ҳеч қачон бу қадар осон ва даврий бўлмаган. Асосийси, бу «ўйин»да ҳар доим «ўз замонинг»га қайтасан. Кулгили, кайфият зўр; позитив яхши-да барибир!» дейилади постда.

Амалдорларни қандай тайинлаш керак?

Блогер ва ҳуқуқшунос Баҳодир Аҳмедов амалдорларни танлашда меритократия кераклиги ҳақидаги фикрларни ёзиб қолдирди.

«Сайловлар ўтди. Энди кўпчилик юқори ва ўрта бўғин амалдорлари сафида ўзгаришлар бўлармикин деб икки кўзи «катта креслолар»да. Турли миш-мишлар ҳам ораламоқда.

Менимча, ушбу 5 йилликда кадрларни саралаш ва мансаб лавозимларга тайинлашда меритократия тамойилини қўллаш мақсадга мувофиқ. Президентнинг 5843-сонли фармонига асосан кадрлар тизимида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (бизнинг тилда – АРГОС)га кўплаб ваколатлар берилганди.

Ушбу фармонда «касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматларини одилона ва объектив баҳолаш асосида энг муносиб ва қобилиятли шахсларни давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш ҳамда уларнинг хизмат поғоналари бўйича кўтарилишини назарда тутувчи меритократия тамойилини қўллаш» деган жумла кетган.

Сингапурда ҳам бирор вазир ёки қўмита раислигига албатта тегишли танловлар ўтказилади. Ҳамма ҳар бир номзод кўрсаткичларини кўриб боради. Бундай иш юритишга ўтиш вақти биздаям келди. Минг қонунчилик зўр бўлса ҳам, минг хоҳишлар катта бўлса ҳам барибир натижани кадрлар қилади.

Ахир, Отто фон Бисмарк бекорга айтмаган: «Яхши амалдорлар ва ёмон қонунлар билан мамлакатни бемалол бошқариш мумкин. Лекин амалдорлар ёмон бўлса, энг мукаммал қонунлар ҳам ёрдам беролмайди», дейди у.

«Ўқитувчиларнинг ойлик маоши»

Иқтисодчи Миркомил Холбоев шифокорларга ваъда қилинаётган 1000 долларлик маошга етиш учун ҳар йили уларнинг ойлиги 3,4 баробардан ошириб борилиши кераклиги ҳақида ёзди.

«Олдин ҳам бир неча марта таъкидланганидек, ўқитувчиларнинг ойлик маошини 1000 долларга етказиш масаласи бугун яна кўтарилди. Президентнинг сўзларига кўра, 2025 йилга бориб олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маоши 1000 долларга етади.

Ҳозирги кунда олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маоши 290 доллар атрофида экан (тўлиқ ставка билан). Кейинги 4 йилда уларнинг ойлик маоши 1000 долларга етиши учун ҳозирги кўрсаткичдан тахминан 3,4 баробар ошиши керак бўлади. Бу шуни англатадики, олий тоифали ўқитувчиларнинг доллардаги ойлик маоши йилига ўртача 36 фоиздан ўссагина, уларнинг маоши тўрт йилдан кейин 1000 доллар бўлиши мумкин (агар сўмнинг алмашинув курси бу йилги каби инфляциядан паст даражада сақланиб қолса, унда сўмдаги ўсиш кўрсаткичининг 36 фоиздан пастроқ даражада шаклланиши ҳам етарли бўлиши мумкин, аммо кейинги йилларда сўмнинг алмашинув курси худди бу йилги каби паст даражада сақланиб қолишини аниқ айтолмаймиз).

Таълим соҳасида банд ходимларнинг ўртача ойлик маоши 1000 доллар бўлиши учун эса уларнинг доллардаги ойлик мошининг қиймати йилига 50 фоиздан ўсиши керак бўлади (ҳозирги кунда таълим соҳасида банд ходимларнинг ўртача маоши 200 доллар атрофида)», деб ёзди у.

Мавзуга оид