Ўзбекистон | 15:24 / 18.11.2021
12139
4 дақиқада ўқилади

Эркакларга ҳам ҳимоя ордерлари берилиши мумкин

Зўравонликка учраган хотин-қизларга бериб келинган ҳимоя ордерлари эркаклар ва вояга етмаган шахсларга ҳам тақдим этилиши кутилмоқда.

Ҳимоя ордери тажрибасидан нафақат эр-хотин муносабатларида, балки раҳбар-ходим ва қўни-қўшнилар ўртасида юзага келадиган келишмовчиликларнинг олдини олишда ҳам фойдаланилиши мумкин. Бу ҳақда ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев Kun.uz'га берган интервьюсида маълум қилди.

“Ҳимоя ордери нима ўзи? Биласиз, қонун билан ҳамманинг ҳуқуқ-манфаатлари ҳимоя қилинган. Яъни Жиноят кодекси жиноий таъқиб қилиш орқали, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси маъмурий таъқиб орқали албатта фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялайди. Шунга қўшимча равишда қонун қабул қилинганки, ҳимояга олиш, яъни бир шахс билан иккинчи шахснинг бир-бирига яқинлашиши, муносабатга киришишига маълум бир вақтга чеклов ўрнатилади. Шунингдек, зўравонликка учраган шахсга етказилган моддий ва маънавий зарар қоплаб берилади.

Қўни-қўшнилар ўртасида, оилада эр ва хотин ўртасида ёки раҳбар билан ходим ўртасида турли келишмовчиликлар юзага келиб туради. Томонлар бир-бирига қўл кўтаради, кимдир зўравонлик қурбони бўлади, ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилади. Бундай вазиятда ҳимоя ордерларидан фойдаланиш яхши самара беради.

Шу пайтгача хотин-қизлар зўравонликка учраган вақтдан бошлаб ҳимояга олардик. Агар қонунчиликка киритиш таклиф этилаётган ўзгариш маъқулланса, ҳимоя ордерини эркакларга ҳамда вояга етмаганларга нисбатан ҳам қўллашимиз мумкин бўлади”, деди Бахтиёр Бердиалиев.

ИИВ мулозимининг таъкидлашича, зўравонликка учрагани учун ҳимоя ордери берилиб, профилактика инспекторлари кузатувида бўлган хотин-қизларнинг 98 фоизига нисбатан қайта куч ишлатилмаган, ҳақ-ҳуқуқлари бошқача тарзда бузилмаган. Шу сабабли ушбу тажрибадан нафақат эр-хотин муносабатларида, балки раҳбар-ходим, қўни-қўшнилар ўртасида юзага келадиган келишмовчиликларнинг олдини олишда ҳам фойдаланиш истаги юзага келган.

Бахтиёр Бердиалиев/Фото: KUN.UZ

“Тажриба шуни кўрсатдики, профилактика инспекторлари томонидан ҳимояга олинган шахс – давлатнинг ҳимоя ордерини олган жабрланувчининг олдига зўравон қайта яқин келишга чўчиб қолади. Чунки яқинлашса ёки яна куч ишлатса, бунинг оқибатлари жиноий жавобгарликка тортилишгача бориб етиши мумкин.

Шу сабабли бизга ҳимоя ордерларини зўравонликка учраган ёхуд ҳақ-ҳуқуқлари бошқача тарзда бузилган хотин-қизларгагина эмас, эркаклар ҳамда вояга етмаганларга нисбатан ҳам қўлланиши ҳақида кўп таклифлар бўлди. Мазкур таклифлар асосида қонун лойиҳасини ишлаб чиқдик.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланадиган бўлса, қўни-қўшнилар ўртасида, ташкилотларда раҳбар ва ишчилар ўртасида юзага келадиган низоларни ҳал қилишда катта натижа беради деб ўйлайман.

Ҳимоя ордери олган жабрланувчиларнинг 98 фоизи қайта зўравонликка дуч келмади ёки ҳақ-ҳуқуқлари бошқача тарзда поймол этилмади. Яъни ушбу амалиёт жуда катта самара берди. Бир ярим йиллик экспериментдан сўнг мана шундай қарорга келдик”, дейди ИИВ вакили.

Парламент қуйи палатаси ахборот хизматининг хабар беришича, 16 ноябрь куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, муҳокамалардан сўнг биринчи ўқишда қабул қилинган.

Мавзуга оид