Ўзбекистон | 16:18 / 22.11.2021
4604
2 дақиқада ўқилади

Душанбеда «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» шаклидаги вазирлар учрашуви ўтказилди

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

22 ноябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» шаклидаги 17-вазирлар учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари ҳамда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили иштирок этди. Унда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларнинг долзарб масалалари, хавфсизликнинг умумий муаммолари, савдо, инвестиция, экология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, минтақалараро алоқаларни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда қатнашган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг инновацион моделини шакллантириш, тарифларни уйғунлаштириш, божхона тартибларини соддалаштириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини қайд этди.

Шунингдек, Афғонистонда гуманитар фалокатнинг олдини олиш, мамлакатни минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон томони Европа Иттифоқи билан ушбу йўналишдаги алоқаларни, жумладан, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст фонди доирасида ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлиги билдирилди. Учрашув якунида Қўшма коммюнике қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Брюсселга ташриф буюрган Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегация «Ўзбекистон Республикаси – Европа Иттифоқи» ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасида Евроиттифоқнинг бир қанча юқори мартабали мулозимлари билан учрашувлар ўтказди.

Мавзуга оид