Жаҳон | 15:49 / 22.11.2021
29432
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда сув омбори тўғони ёрилди

ФВВнинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ, шунингдек, уйларни сув босмаган. Аҳоли масканларини сув босиши хавфи йўқ. 

Фото: Tengrinews.kz

Қозоғистоннинг Алмати областидаги Книжевский сув омборида тўғон ёрилиб кетди, аҳоли масканларини сув босиш хавфи йўқ, деб маълум қилди мамлакат фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакили Талгат Уали.

“21 ноябрь куни соат 23:13 да Алмати области фавқулодда вазиятлар бошқармасига Жамбил районидаги Минбаево қишлоғи яқинида Книжевский сув омбори тўғони ёрилгани ҳақида хабар келиб тушди, ёриқ кенглиги 5-6 метрни ташкил этади”, — деди Уали.

ФВВнинг маълумот беришича, сув омбори 4,47 млн куб метр сувга мўлжалланган, у ҳозирда 50 фоизга тўлган.

Фото: Tengrinews.kz

Ёриқдан чиққан сув Қарғали дарёси ирмоғига оқмоқда ва ундан сўнг Или районидаги Курти сув омборига қуйилади”, — деди ФВВ вакили.

Ҳозирда Курти сув омбори 14 фоизга тўлган, лойиҳавий ҳажми 120 млн куб метрга тенг.

“Ҳодиса оқибатида қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ, шунингдек, уйларни сув босмаган. Аҳоли масканларини сув босиши хавфи йўқ”, — дея қўшимча қилди Уали.

Мавзуга оид