Россия ҳарбийлари сабаб Ғарбда кескинлик юзага келди. Бу эса Путинга маъқул
Россия президенти Владимир Путиннинг айтишича, мамлакат ғарбий чегарасида можаро юзага келишини хоҳламайди. Аммо Москва ўзининг «қизил чизиғи»ни эҳтиёткорлик билан ҳимоя қилаётганини ғарбликлар жиддий қабул қилмаяпти. Россия Украина чегарасида қўшин тўплаётгани ҳақида ОАВдаги хабарлар фонида Путин Россия ташқи ишлар вазирлигида чиқиш қилди.
«Ғарбда ниҳоят кескинлик юзага келди. Бу кескинлик менга қолса, узоқроқ давом этсин, токи бизнинг ғарбий чегарамизда бизга керак бўлмаган можаролар бошлаш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмасин», дейди Путин.
Шунингдек, Россия етакчиси мамлакат ғарбий чегарасининг нариги томонида ўзига нисбатан бирор можаро қилинмайдиган узоқ муддатли кафолатга эга бўлишни истайди. Бу борада Путин мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга топшириқ берган.
Унинг айтишича, бу Ғарб босиб ўтмаслиги керак бўлган «қизил чизиқ»нинг мустаҳкамланиши бўлади.
«Ҳамкорларимиз ҳам ажойиб. Улар «қизил чизиқ» ҳақида айтган гапларимизга жуда юзаки қарашмоқда», деди Путин. Унинг фикрича, Украина чегарада замонавий қуролларни жойлаштириш ва Қора денгизда провокацион ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш орқали «қизил чизиқ»ни босиб ўтган. «НАТО қирувчи самолётлари Россия чегарасидан 20 км узоқликдан учиб ўтяпти, бу энди чегарадан чиқиш», деди Путин.
Ахборот уруши
Октябрь ойи охирида Украина қуролли кучлари бош штаби Донбассда илк марта Туркиянинг учувчисиз «Байрактар» дронлари қўлланганини айтганди. Маълумот учун, Озарбойжон Қорабоғ учун жангларда айнан туркларнинг шу қуроли ёрдамида ғалаба қозонганди. Москва бу ҳаракатни Минск келишувига зид деб атади. Россия ТИВ буни Киевнинг Донбассни куч билан қайтиб олишга уриниши деб баҳолади.
Украина «Байрактар» ҳақида гап очгач, ОАВда Россия Украина билан чегарада қўшин тўплаётгани ҳақида хабарлар кўпайди. Washington Post Кремль Украинага нисбатан яна агрессив кайфиятда бўла бошлагач, чегарада вазият жиддийлашгани ҳақида ёзди. Мақолада Россиянинг Украина билан чегарасида содир бўлгани айтилган видеолар ҳам қўйилган. Бундай видеоларда танк, ракета каби оғир техникалар олиб кетилаётганини кўриш мумкин.
Бу ҳолатда расман жавоб берган Россия мудофаа вазирлиги мамлакатнинг Украина билан чегарасига қўшимча аскар ташлаш ёки қўшимча қурол юбориш ҳолатлари кузатилмаганини билдирди.
«Бу муҳокама қилишга ҳам арзийдиган ҳолат эмас. Ўзингиз кўрдингиз, видеода Украина билан чегара ҳақида гапиришган, лекин кадрда Беларусь билан чегара кўринган», деди Кремль расмий вакили Дмитрий Песков.
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова бу видеоларни АҚШ ОАВи томонидан амалга оширилган провокация деб атади. АҚШ штаб қўмондонлари кенгаши раиси Марк Милли эса Вашингтон аввал ҳам Россия Украина билан чегарада қўшин тўплаётгани ҳақида маълумот олганини айтди. «Таъкидлаш жоиз, бу ҳаракатларда очиқ агрессивлик кўринмади», деган америкалик генерал.
Украина ва Россия ўртасидаги муносабатлар АҚШ Марказий разведка бюроси директори Уилям Бёрнснинг Москвага ташрифи вақтида ҳам муҳокама қилинган.
Вазиятга Пентагон кескинроқ жавоб берганди. «Биз Россиянинг Украина билан чегарадаги ҳаракатларини хавотир билан кузатишда давом этамиз. Россиядан эса ўз мақсадларини очиқлаши, Украина билан чегарада аслида нималар билан банд эканини тушунтиришни сўраймиз», деди 9 ноябрь куни Пентагон матбуот котиби Жон Кирби.
Россия мудофаа вазирлиги ҳам ўз навбатида АҚШ ҳарбийларининг Қора денгиздаги Украина ҳарбийлари билан машғулотда қатнашаётганидан хавотирда эканини билдирганди.
Bloomberg Вашингтон ўз иттифоқчиларини Россия Украинага бостириб кириши мумкинлигидан огоҳлантиргани ҳақида ёзди. Песков эса буни фақат сарлавҳадан иборат сафсата деб атади. «Россия ҳеч кимга хавф туғдирмайди», деди Путиннинг матбуот котиби.
Кейинроқ Bloomberg'да яна бир мақола чиқди. Унда айтилишича, Россиянинг фавқулодда фаоллашишидан мақсад Украинага бостириб кириш эмас, шунчаки Ғарбга сигнал беришдан иборат. «Путин Россиянинг Украинага Ғарб қуроллари кириб келаверишига тоқат қилолмаслиги ҳақида Америкага аниқ сигнал берди», дейилган мақолада хусусан.
Мақолада Путин севиб ишлатадиган «қизил чизиқ» ҳақида ҳам гапирилган. Ҳарбий экспертлар Путиннинг наздида Ғарбнинг Украинага ҳар қандай ҳажмда қурол олиб кириши ушбу «қизил чизиқ»ни бузишини тушунтирган.
Нашрнинг яна бир суҳбатдоши Россия ҳозир Украинага қарши ҳарбий ҳаракат бошламоқчи эмаслиги, шунчаки керак вақтда жангга тайёрлигини кўрсатиб қўймоқчилигини айтади. Россия ҳукуматига яқин эканини иддао қилган Bloomberg суҳбатдошининг айтишича, Путин НАТОнинг Украинага кириши Ғарб учун «даҳшатнинг ўзгинаси» бўлишини ғарбликларга кўрсатиб қўймоқчи. Унинг айтишича, Путин Украина НАТОга кирмаслиги учун ҳамма нарса қилади. Суҳбатдошнинг фикрича, Украина «Байрактар»дан фойдалана бошлагани Кремлдагиларнинг жазаваси ошишига сабаб бўлган.
Мавзуга оид
17:55
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
17:53
АҚШ разведкаси Путиннинг хориждаги мухолифлари ўлдирилишига оид махфий ҳужжатларни қисман очиқлади
16:33
Меркел: Менда ҳеч қачон Путин бўйича иллюзиялар бўлмаган
13:12