Ўзбекистон | 19:41 / 23.11.2021
6739
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида ўқувчилар доимий равишда мажбурий меҳнатга жалб қилингани маълум бўлди

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани 23-мактаб раҳбарияти ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиб келгани айтилган хабарлар тарқалди. Хабарлар юзасидан Меҳнат вазирлиги муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, Юқори Чирчиқ туманида жойлашган 23-мактабдаги ҳолат бўйича Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ўтказилган.

Ўрганиш давомида ҳақиқатан ҳам 2021 йилнинг 15 ноябрь куни синф раҳбарларидан бири томонидан ўқувчилар дарс вақтида мактаб ҳовлиси ва ташқари ҳудудини тозалаш ишларига мажбурий тарзда ишлатилгани аниқланган. Шунингдек, бу каби ҳолат ҳафтасига кўп маротаба такрорланиб келаётгани ўз тасдиғини топган.

Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан Вояга етмаганларнинг меҳнатидан маъмурий тарзда мажбурлаш йўли билан фойдалангани юзасидан далолатнома расмийлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар Жиноят кодексининг 1482-моддасига асосан қонуний чора кўриш учун Тошкент вилояти прокуратурасига юборилган.

Мавзуга оид