Жаҳон | 23:16 / 24.11.2021
9710
1 дақиқада ўқилади

БАА инвестиция киритиши тўғрисидаги хабардан сўнг турк лираси қадри ошди

Туркия ва БАА савдо, энергетика ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича тўққизта шартнома имзолади.

Фото: EPA-EFE/ERDEM SAHIN

БАА Туркияга инвестиция киритиш учун 10 млрд доллар маблағ ажратгани тўғрисидаги хабардан сўнг турк лираси 7 фоизга мустаҳкамланди.

“Бирлашган Араб Амирликлари Туркияга инвестиция киритиш учун 10 млрд доллар миқдорида маблағ ажратди”, — деди Абу-Даби давлат инвестиция фонди (ADQ) раиси Муҳаммад Ҳасан ас-Сувайдий.

Хабар қилинишича, Туркия ва БАА савдо, энергетика ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича тўққизта шартнома имзолаган.

Ҳужжатларни имзолаш маросими Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси шайх Муҳаммад бин Зайд ал-Ноҳаён ўртасидаги музокаралар якунида имзоланди.

Шундан сўнг турк лирасининг долларга нисбатан курси 12,7 лирадан 11,66 лирага ўзгарди.

Йил бошидан буён Туркия валютаси 70 фоизга қадрсизланди. Январда бир доллар 7,3 лира атрофида бўлган бўлса, 23 ноябрь куни 13,15 лирани ташкил этди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид