Ўзбекистон | 18:52 / 24.11.2021
12287
2 дақиқада ўқилади

Молларга кунжара берсак қопламайди — Мингбулоқлик чорвадор

Наманган вилояти Мингбулоқ туманида яшовчи Умархон Абдумаликов халққа гўшт етказиб бериш мақсадида қорамол боқади. Ҳозирда унинг оғилида 20 та боқувдаги моллари бор. Умархон ҳайвонларни аҳоли кам истиқомат қиладиган қишлоқда боқади. Чунки оғилдан чиқадиган ҳид одамларга салбий таъсир келтириши мумкин. Шу сабабдан бу қишлоқдаги аҳолининг катта қисми чорвачилик билан шуғулланади.

“Қишлоқ ҳудуд бўлса-да, қорамолларни боқиш анча мушкул. Озуқа экиш учун ер сотиб оламан десангиз ер қиммат” - дейди қаҳрамонимиз. У ҳозирда жониворларини "силос" билан боқмоқда. “Силос” бериш ҳам декабрь ойида камайтирилади. Чунки захира етмай қолиши мумкин. Шу сабабли қиш бошланиши билан махсус қозонда атала, озуқа таом пиширилади. У эса сомонга қўшиб берилади. Чорвадорнинг айтишича, битта қорамол ўртача 6-8 ойда етилади. Унга эса 2-3 млн.гача пул сарф этилади. Даромад ҳам шунга яраша. Ҳайвонлар касалланмасдан, яхши етиладиган бўлса, ўртача 3-4 млн даромад олиш мумкин. Жониворларни эсон-омон семиртириб олиш эса, ўзига яраша машаққат ҳисобланади.

Умархон Абдумаликов қорамол боқишда жониворларнинг иштаҳасига, уларнинг оғиз бўшлиғига, ҳазм қилиш ва чиқарадиган ахлатига доим эътибор бериш кераклигини таъкидлайди. Шу ҳолатларга эътибор берилиши ҳайвонлар касал бўлишининг олдини олишга катта ёрдам беради.

Қаҳрамонимиз аввалгидек қорамолларга кунжара ва шунга ўхшаш ем бериш бугунги кунда қопламаслигини айтади. Ҳозир асосан “силос”, буғдой ва маккажўхори еми билан озиқлантирилади. Бу эса қорамоллар семириш жараёнига таъсир ўтказишини айтди. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид