Навоийда ўқитувчиларни эмланмагани учун ёппасига ишдан бўшатган мактаб директори жаримага тортилди
Қизилтепа туманидаги 12-мактаб директори 20 нафар ўқитувчини коронавирусга қарши эмланмагани учун ишдан четлаштириш ўрнига, қонунга зид равишда ишдан бўшатиш бўйича буйруқ чиқарганди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳолат ўрганиб чиқилгани ва мактаб директори Учқун Ашуровга маъмурий жарима қўлланилганини маълум қилди.
Вазирлик расмий муносабатида таъкидланишича, ҳолат юзасидан Навоий вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ўтказилган ҳамда мақолада кўрсатилган ҳолатлар ўз тасдиғини топган.
“Мактаби директори ва ўқитувчиларидан тушунтириш хатлари олинди. Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2021 йил 23 ноябрда мактаб директори номига 18/00-01/11-571-сонли ёзма кўрсатма киритилиб, буйруқлар бекор қилинди. Қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганлиги сабабли, мактаб директорига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жарима қўлланилди”, — дейилади муносабатда.
Мақола юзасидан Қизилтепа тумани ХТБ ҳам расмий муносабат билдириб, мактаб директори вазифасини бажарувчи Учқун Ашуровни вазифасидан озод этиш бўйича вилоят Халқ таълими бошқармасига таклиф киритилганини маълум қилганди.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисмига кўра, мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Мавзуга оид
23:15 / 27.04.2024
Навоийлик тадбиркор тергов изоляторида вафот этди
22:41 / 08.04.2024
Қизилтепада “замҳоким”нинг босими билан овоз тўпланган ташаббуслар ғолиб лойиҳалар рўйхатидан чиқарилиши мумкин
20:16 / 05.04.2024
Қизилтепа «замҳокими»нинг босими билан овоз тўпланган лойиҳалар бекор қилиниши керак
15:08 / 05.04.2024