Жаҳон | 20:09 / 24.11.2021
5526
2 дақиқада ўқилади

Олаф Шольц Германия канцлери бўлади

63 ёшли Олаф Шолц Ҳамбург мэри, молия вазири ва вице-канцлер лавозимларида фаолият олиб борган.

Фото: Reuters

26 сентябрда ўтказилган Бундестаг сайловларидан кейин олиб борилган икки ойлик музокаралардан сўнг Германия парламентида Олаф Шолц канцлер бўладиган уч партияли коалиция шаклланди.

Шолцнинг парламент томонидан канцлер этиб сайланиши Ангела Меркелнинг 16 йиллик ҳукмдорлигига якун ясайди.

63 ёшли Олаф Шолц Гамбург мэри, молия вазири ва вице-канцлер лавозимларида фаолият олиб борган.

Коалицион келишувга эришилгани тўғрисида Ғарб матбуоти хабар берди. 24 ноябрь куни «светофор» коалиция — «қизил» социал-демократлар, «яшиллар» ва «сариқ» либерал-демократлар партиялари иштирокида матбуот анжумани ўтказилиши айтилмоқда.

Bloomberg агентлиги маълумотига кўра, «яшиллар» етакчиси, «Шимолий оқим-2» газ қувури қурилишига қарши бўлган Анналена Бербок ташқи ишлар, унинг ҳамраиси Роберт Ҳабек иқлим ва энергетика сиёсати соҳасида қўшимча ваколатларга эга иқтисодиёт «супервазири» бўлади. Либерал-демократлар етакчиси Кристиан Линднерга молия вазирлиги насиб этади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид