Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ССВ: Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати янгиланади
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати янгиланиб, ортиқча оворагарчилик ва бюрократик тўсиқларга чек қўйилиши ҳақида маълум қилди.
«Шундай дори воситалари борки, агар улар шифокор тавсиясисиз истеъмол қилинса, инсон ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Аммо яна шундай препаратлар мавжудки, уларни дорихоналардан ҳеч қандай чекловларсиз, яъни рецептсиз харид қилса бўлади.
Аммо шу йилнинг июль ойидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи асосида Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати кескин камайтирилгач, истеъмолчиларнинг ташвишига ташвиш қўшилди. Яъни монопрепаратлар позицияси 105тага, мажмуавий препаратлар рўйхати эса 118тага қисқариб кетди.
Оқибатда рецептсиз ҳам берилиши мумкин бўлган дориларни харид қилиш учун бемор йўл босиб, вақт йўқотиб, навбат кутиб шифокор қабулига киришга мажбур бўлмоқда. Борди-ю, қўшимча текширувлар талаб этилса, яна навбат асосида тиббий хулосани олгач, врач ҳузурига такрор кириб рецепт ёздириб олишига тўғри келяпти.
Бундай оворагарчилик ва бюрократик тўсиқлар аҳолининг тиббиёт тизимига нисбатан ишончи камайишига, қолаверса, фармацевтика компаниялари эътирозларига сабаб бўляпти. Негаки, қонунчилик талабларига кўра, рецепт асосида бериладиган препаратларни тарғибот қилиш тақиқланган. Бу эса аҳолининг зарур дори воситалари ҳақидаги маълумотлардан хабардорлигини чекламоқда.
Масалан, темпалгин, мукомилт, дексафлю, табекс каби қатор препаратларни чет эл дорихоналаридан ҳеч қандай чекловларсиз харид қилса бўлади. Бизда эса бунинг учун рецепт сўраляпти.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ана шу муаммоларга ечим топиш учун келиб тушаётган эътироз ва мурожаатлар, қолаверса, халқаро амалиёт ҳамда хорижий тажрибани чуқур ўрганган ҳолда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда амалда бўлган Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини бекор қилиб, уни янгилаш бўйича буйруқ лойиҳаси ишлаб чиқди. Унга мувофиқ, рецептсиз бериладиган препаратлар рўйхати кенгайтирилмоқда.
Янги буйруқ яқин кунларда regulation.gov.uz порталида муҳокамага қўйилади ва Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олингач, кучга киради», дейилади вазирлик хабарида.
Мавзуга оид
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
11:28 / 22.07.2024
Никоҳланувчилар қандай тиббий кўриклардан ўтиши керак?
17:25 / 20.07.2024
Дунё бўйлаб вабо тарқалиш хавфи жуда юқори баҳоланмоқда
19:59 / 09.07.2024