Ўзбекистон | 22:02 / 27.11.2021
5828
3 дақиқада ўқилади

Экоқўмита: 48 миллиард сўмлик жарима ва компенсациялар ҳамон ундирилмаган

Экологик ҳуқуқбузарликлар учун охирги 3 йилда ҳисобланган 48 млрд сўмлик жарима ва компенсациялар ҳали ундирилмаган, дея маълум қилди Экоқўм раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов. Унинг айтишича, қўмитада кадрлар қўнимсизлиги ва юристлар етишмаслиги каби муаммолар бор.

Ўзбекистонда экология соҳаси тобора долзарб масалага айланиб, муаммолар яққол бўй кўрсата бошлади. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига бу борада савол ва эътирозлар етарлича.

Одатда экологик муаммолар борасида ОАВ вакиллари мутасаддиларга жуда кўп саволлар беришади ва ана шу сўров-саволларнинг аксари дарахтлар кесилиши, сув ва ер масалалари, ҳаво ва чиқиндилар борасида бўлади. Бу тўғри, бироқ бир масала назардан четда қолаётгандек: қонунбузарларга жарималар солингани, компенсациялар миқдори ҳақида бот-бот такрорлаётган Экоқўмита ана шу жарималар ундирилган-ундирилмагани, уларнинг умумий миқдори, бу пуллар қаерга йўналтирилиши ҳақида маълумотларни деярли бермайди.

Kun.uz мухбири АОКАда ўтган навбатдаги матбуот анжуманида ушбу саволни ўртага қўйди. Экоқўмита раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов эса ҳолатни 2019-2021 йиллар мобайнида 48 млрд сўмлик жарималар ундирилмагани, шунингдек ишларнинг айримлари турли жараёнларда экани билан изоҳлади. Унинг қўшимча қилишича, жаримани қисқа вақтда тўласа, 30 фоизли чегирма қилинади.

“Экологик қонунбузарликлар бўйича миллионлаб, миллиардлаб жарималар, компенсациялар қўллаяпмиз. Дарахтлар кесилиши, сув, ер масалалари бўйича анча миқдордаги жарималар мавжуд. 2019, 2020, 2021 йиллар кесимида оладиган бўлсак, чамаси 48 миллиард сўм миқдордаги пуллар ундирилмаган. Айрим ишлар судга оширилган, айримлари МИБга чиқарилган, прокуратура қўлидаги ишлар ҳам мавжуд, қисқаси, турли ҳолатдаги ишлар бор.

Kun.uz бизга бу борада расмий мурожаат ҳам йўллаган эди. Бу бўйича ишлаяпмиз. Дебитор қарздорлик, билсангиз, исталган ташкилотда учраб турадиган ҳолат. Яқин 1,5 ой ичида сизга бу борада тўлиқ ва аниқ маълумот берамиз.

Яна бир масала: жаримага тортилган қонунбузар жаримани қисқа вақт ичида тўласа, унга 30 фоизли чегирма бор. Борди-ю вақтини чўзиб юборса, биз ишни судга чиқарамиз, кейин ундирув билан МИБ шуғулланади. Очиғини айтиш керак, қўмитадаги кадрлар қўнимсизлиги, юристлар етишмаслиги каби ички локал муаммолар бу борада биз тўлиқ куч билан ишлашимизга бироз халал беряпти. Аммо яқин орада бу муаммолар барҳам топишига эришамиз”, – дейди Экоқўмита раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов.

Мавзуга оид